Трамп президентликка сайланса, Илон Маскка мансаб бермоқчи
Олам
−
20 Август
3005АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловларида ғалаба қозонса, америкалик тадбиркор Илон Маскни бирор-бир вазирликка раҳбар қилмоқчи ёки маслаҳатчи лавозимига тайинламоқчи. Бу ҳақда у “Reuters”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Солиқ имтиёзлари умуман яхши нарса эмас. Маск жуда ақлли йигит. Агар у рози бўлса, мен, албатта, ваъдамда тураман. Фақат у ҳам бунга кўниши керак”, деган Трамп.
Оқ уй собиқ раҳбарининг ушбу интервьюсидан сўнг, SpaceX ва Тesla асосчиси Илон Маск ўзининг Х ижтимоий тармоғида “Мен хизмат қилишга тайёрман” деб жавоб берган. Постда Маскнинг “Ҳукумат самарадорлиги бўйича департамент” (DOGE) сўзлари билан безатилган минбар олдида тургани тасвирланган.
Жорий йилнинг июль ойида Трампга уюштирилган суиқасддан сўнг Маск уни сайловолди ташвиқотида очиқ қўллаб-қувватлади. Шунингдек, миллиардер Трампнинг сайловолди кампаниясига хайрия қилди. Маск шу пайтгача АҚШ президентлигига номзодларнинг бирортасини очиқ қўллаб-қувватламаганди.
АҚШда жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган сайловда Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп яқинда Илон Маск билан катта интервью ўтказган. Илон Маскка кўра, Х платформасига жойлаштирилган интервью миллиард мартадан кўпроқ кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида АҚШдаги келгуси сайловларда демократлардан президентликка номзод, мамлакатнинг амалдаги вице-президенти Камола Ҳаррис 4 сентябрь куни “Fох News” телеканали мезбонлик қилиши керак бўлган сайловолди дебатида қатнашишдан бош тортганини хабар қилганди.
LiveБарчаси