Фиқҳ илмини эгаллаган киши номидаги орденни юксак қадрлайман – Эрдўған Мирзиёевга миннатдорлик билдирди
Олам
−
10 Ноябрь 2022
7948Аввал хабар берганимиздек, бугун, 10 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқандда бўлиб турган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлади.
Икки давлат раҳбарларининг учрашувида Президент Эрдўған Олий даражали мукофот учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
“Менга фиқҳ илмини эгаллаган киши номидаги орден берилишини юксак қадрлайман. Ушбу орденни мамлакатларимиз ўртасидаги азалий ва абадий ҳамкорликнинг натижаси деб биламан.
Буюк фахр ва ғурур ила ушбу юқори даражали орденни олишдан яна бир бор бахтли эканлигимни таъкидлаган ҳолда, қардошим Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман. Авваламбор, шуни айтмоқчиманки, талабалик йилларимизда Имом Ал-Бухорийнинг ҳадислар тўплами билан яқиндан танишганмиз. Бу биз учун энг муҳим манба сифатида қўлланилган. Бирор ҳадис ҳақида гап кетганда, биз ушбу ҳадислар китобига мурожаат қилганмиз”, дейди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашида иштирок этиш учун Самарқандга Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан етиб келди. Эртага, 11 ноябрь куни Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов келиши кутилмоқда.
Президентлар Илҳом Алиев, Ражаб Тойиб Эрдўған ва Бош вазир Виктор Орбан рафиқалари Меҳрибон Алиева, Эмина Эрдўған ва Анико Леваи билан келган.