Мирзиёев Эрдўғанни “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирлади (видео)
Жамият
−
10 Ноябрь 2022
5692Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрида бўлиб турган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Бугун, 10 ноябрь куни Ўзбекистоннинг “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“Бугун тарихий воқеа — бугун қардошим Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистоннинг “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди”, деди Президент Туркия етакчиси билан учрашувда.
Шавкат Мирзиёев 2017 йили БМТнинг 72-сессиясида улуғ муҳаддис Имом Бухорийнинг меросини ўрганиш ҳақида гапирганини, ўша пайтда Туркия Президенти Эрдўған бу фикрларни қўллаб-қувватлаганини эслатиб ўтган.
“Биз Ўзбекистонда Имом Бухорий бобомизнинг меросини чуқур ўрганиш учун Самарқанд заминида ул зотнинг номида халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳадис илми мактабини ташкил этдик.
Ўзбекистон халқи сизнинг қардош элларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни самарали амалга ошириш борасидаги шахсий ҳиссангизни яхши билади ва юксак қадрлайди. Ишончим комилки, умумий тил ва маданиятга, аждодларимизнинг бой меросига, муштарак интилишга асосланган дўстлик ва қардошлик муносабатларимиз янада равнақ топади”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, “Олий даражали Имом Бухорий” ордени илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларига берилади.