FIFА Россиядаги хорижлик футболчиларга махсус трансфер ойнаси очади

Спорт

image

Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси (FIFА) Россиянинг  Украинага ҳужуми сабабли Россия премьер лигасида ўйнашни истамайдиган барча хорижлик футболчиларга мамлакатни тарк этишига рухсат беради. 

FIFА кеча, 7 март оқшомида рус клубларида тўп тепадиган хорижлик футболчилар учун 10 мартдан мавсум охиригача махсус трансфер ойнаси очаётганини эълон қилган. Бу легионерларга Россия жамоаларини муаммосиз ва товон пулисиз тарк этиш имконини беради. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Баъзи футболчилар аллақачон Россияни тарк этиб бўлишган. Аксарият легионерлар эса рус клубларидан кетиш ниятида эканлигини билдирмоқда. Сабаби, чет эллик ўйинчилар тажовузкор мамлакатда ўйнашни хоҳламайди. Шунингдек, уруш бошлангандан бери кўпчилик нуфузли спорт ташкилотлари қаторида FIFА ҳамда UEFА ҳам Россия терма жамоалари ва клубларини барча халқаро мусобақалардан четлатди. Бу эса хорижлик футболчилар рус клубларида қоладиган бўлса, йирик мусобақаларда иштирок этолмаслигини билдиради.

Россия спортига киритилган чекловлар 

Рус қўшинлари Украинага киргач, Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Россия Президенти Владимир Путинни ташкилот фахрий президенти ва элчиси мақомидан маҳрум қилди. 

Польша, Чехия ва Швеция футбол терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Россия билан ўйинга боришдан бош тортди.

Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) 2022 йилги Европа Чемпионлар лигаси финали Санкт-Петербург шаҳридан Парижга кўчирилганини маълум қилди.

FIFA  ҳамда UEFA Россия терма жамоалари ва клубларини барча футбол мусобақаларидан чиқариб ташлади.

Халқаро баскетбол федерацияси россиялик баскетболчилар ва расмий шахсларни ташкилот шафелигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирди.

Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари компанияси “Аdidas” Россия футбол жамоалари билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Германиянинг "Шальке 04" клуби ва UEFA'нинг ўзи ҳам Россиянинг "Газпром" трансмиллий компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.

Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) россиялик ва беларуслик атлетларни Пекин-2022 Паралимпия ўйинларидан четлатди.

Шунингдек, 2023 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган Махсус Олимпиада ўйинлари бекор қилинди.

Маъруф Абдумаликов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг