Фарзандини ҳужрага берган ота-оналарга жавобгарлик кучайтирилмоқда
Жамият
−
16 Август
6473Ўзбекистонда фарзандини ноқонуний ҳужрада диний таълим олишига йўл қўйган ота-оналар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Сенат томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини яна-да мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Муҳокама жараёнида сенаторлар кейинги йилларда вояга етмаган болаларни қонунга хилоф диний таълим олишга айнан ота-оналарнинг ўзи олиб бориши ҳолатлари кўпайиб бораётганини таъкидлади.
“Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, 2021-2023 йиллар мобайнида ноқонуний диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ 2 457 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Уларнинг 1 479 таси “ҳужра” шароитида ташкил этилган бўлиб, уларда таҳсил олаётганларнинг 60 фоизини вояга етмаганлар ташкил этган”, дейилади Сенат сайтиде эълон қилинган баёнотда.
Билдирилишича, сўнгги 3 йилда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган вояга етмаган шахслар сони 4 бараварга ошган.
“Қолаверса, бундай ноқонуний таълим жараёнида болаларга нисбатан турли оғир жиноятлар содир этилмоқда. Боланинг эркин ҳаракатланишини чеклаш ҳамда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган бино ва хоналарда сақлаш, унга жисмоний азоб бериш ёки руҳий босим ўтказиш ҳолатларини, ҳатто жинсий зўравонлик қурбони бўлаётганлигини бунга яққол мисоллар сифатида келтириб ўтиш мумкин”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ва ундан олдинги қонунларда диний профессионал таълимнинг ҳуқуқий асослари қатъий белгиланган. Хусусий тартибда диний таълим билан шуғулланиш қонунга хилоф ҳисобланади.
Мазкур қонун билан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилишга йўл қўймаслик, шунингдек ушбу қонунчилик талабига риоя этмаганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шу билан бирга қонунда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўз болаларини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқи аниқ баён қилинмоқда. Мазкур норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида белгиланган қоидалар асосида киритиляпти.
LiveБарчаси