Фарғонага учган самолёт нега Туркманистонга қўнгани айтилди
Олам
−
02 Февраль
13627Аввалроқ, Мадинадан Фарғонага учаётган Centrum-Air авиакомпанияси самолёти Туркманистонга шошилинч қўнгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу фавқулодда қўнишга самолёт двигателида мой сизиб чиқиши сабаб бўлган. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Авиакомпания берган маълумотга кўра, қўниш амалга оширилган куни – 1 февраль санасида C6-3336 рейсидаги A321neo самолёти Туркманистон ҳаво ҳудуди узра учиб ўтаётганида унинг двигателидан мой сизиб чиқа бошлаган. Парвозларни ишлатиш бўйича қўлланмага мувофиқ ҳаво кемаси капитани самолётни энг яқин масофада қўндиришга қарор қилган ва самолёт Марв шаҳридаги муқобил аэропортга йўналтирилган.
Самолёт қўниши биланоқ йўловчиларни белгиланган манзилга жўнатиш учун Фарғонадан 1200 км дан узоқ масофада жойлашган Марв шаҳрига захира рейс етиб келган. Авиакомпания носозлик бартараф этилгани ва самолёт яқин кунлардаги парвозлар учун тайёрлигини маълум қилди.
“Двигателдаги мой сизиб чиқиши бартараф этилди ва самолёт тез орада йўловчиларсиз Тошкентга техник парвозни амалга оширади”, дея қўшимча қилди матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, 15 январь куни Бухоро-Москва йўналиши бўйича парвоз қилаётган Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпаниясининг А-320 самолёти манзилига яқинлашаётганда двигателида носозлик юзага келганди. Ўшанда экипаж командири қўнишга устуворлик беришни сўраган ва Внуково аэродромида кўк рангли огоҳлантириш эълон қилинган.
LiveБарчаси