Порахўр адлия ходимининг қинғир ишлари фош қилинди
Жамият
−
07 Август 2020
15501Фарғонада Адлия бўлими мутахассиси ваколатини суиистеъмол қилиб, тадбиркорнинг ер муаммоси бўладими, масжидга рухсатнома олиш бўладими ҳозиру нозир бўлиб, ўз чўнтагини ўйлаб, пора олиб келгани аниқланди.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, терговга қадар текширувда “М.А” хусусий корхонаси иш юритувчиси М.М.нинг мурожаатига кўра, Тошлоқ туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси А.А. туманда бўш ер майдонини ушбу корхонага ажратилиши тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори бўйича Тошлоқ туман Маъмурий судида кўрилаётган ишни судда ишловчи танишлари орқали гаплашиб, қарорни ўз кучида қолдириш ва ишни унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, А.А. томонидан Тошлоқ тумани “Сўкчилик” МФЙда яшовчи фуқаро Б.Б.дан танишлари орқали мазкур маҳалладаги масжид фаолиятини юритиши учун рухсатнома олиб бериш эвазига 39 млн сўм олганлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан А.А. фуқаролардан пулларни олганлигини маълум қилиб, ўз ихтиёри билан “М.А.” хусусий корхонаси иш юритувчиси М.М.га етказилган зарар учун 500 минг сўм ва 100 АҚШ долларини ҳамда фуқаро Б.Б.га етказилган зарар учун 28 млн сўм ва 1000 АҚШ долларини ўз ихтиёри билан тақдим этганлиги процессуал расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси