Фарғонада сифати кафолатланмаган дорилар сотаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
06 Февраль
2300Фарғона вилоятида олиб борилган тезкор тадбирда қалбаки ва сифати кафолатланмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қўқон шаҳрида яшовчи 20 ёшли фуқаро “Шикорбеги” МФЙдаги хонадонларнинг биридан сифат сертификати ва яроқлилигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 2005 дона ампулада “Мидокалм” ва 750 дона ампулада “L-лизин эсцинат” номли дори воситаларини ҳамда қадоқлаш учун керак бўладиган қоғоз қути ва йўриқномаларни ўзининг Lacetti автомашинасига юклаган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ушбу хонадон кўздан кечирилганда, 1177 дона “Актовегин”, 165 дона “Тавегил”, 30 дона “Л-лизин эсцинат”, 2700 дона ампулада номсиз дори воситалари, шунингдек, дори воситаларининг махсус қоғоз қутилари, улардан фойдаланиш бўйича йўриқномалар, қалбаки усулда тайёрланган ёрлиқлар ва дори номларига ўзгартириш киритадиган рангли бўёқлар солинган пластик идишлар сақлаб келинаётгани маълум бўлди.
Аниқланишича, мазкур фуқаро ўзининг жиноий шериги бўлган –1980 йилда туғилган шахсга тегишли ушбу хонадонда қўлбола усулда дори воситаларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин цех ташкил этган.
Экспертиза хулосаларига кўра, ашёвий далил сифатида олинган дори воситалари қалбакилаштирилган ва сақлаш шароитига амал қилинмаган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида сотиш ҳамда тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади. Мазкур қалбаки дори воситаларининг умумий қиймати 78 миллион сўмни ташкил этади.
Таъкидлаш лозимки, 2004 йилда туғилган шахс муқаддам қалбакилаштирилган дори воситаларини ўтказиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш хатти-ҳаракатларини содир қилганлиги учун унга нисбатан Жиноят кодексининг 1863-моддаси 2-қисми “б” банди билан қўзғатилган жиноят иши ҳозирда судда кўрилаётган бўлишига қарамасдан, такроран жиноят содир этган.
Ҳозирда иккала фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 1863-моддаси (cифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда, 41 ёшли фуқаро сифат сертификатига эга бўлмаган 800 дона “Дюфастон” номли дори воситаларини 800 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди. Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, “Элевит”, “Урсосан”, “Дюфастон”, “Йодомарин” ва “Дюспаталин” номли жами 405 минг 10 дона, умумий қиймати тахминан 1 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситалари, 5000 дона йўриқнома ва 1200 дона қадоқлаш қутиси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Тезкор тадбир давом давом эттирилиб, унинг жиноий алоқаси бўлган, 1983 йилда туғилган муқаддам судланган шахснинг хонадони кўздан кечирилганда, “Мидокалм” дори воситасининг 900 дона ёрлиқлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, у “Дипросан” ва “Тавегил” дори воситалари учун 2000 донадан этикетка ва фойдаланиш йўриқномасини чоп этиш бўйича буюртма бергани ҳам маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида ноқонуний дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахс ушланганди. У хорижда ишлаб чиқарилган сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 8 турдаги жами 10 минг 255 қути дори воситаларини 19 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинганди.
LiveБарчаси