Фарғонада карантин чекловлари юмшатилди
Жамият
−
03 Август 2020
14665Бугун, 3 август кунидан Фарғона вилоятида карантин чоралари юмшатилиб, баъзи муассасалар фаолиятига рухсат берилди.
Ҳудуддаги хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, буюм ва чорва моллари бозорлари, қурилиш маҳсулотлари савдо мажмуалари ҳамда сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига тикланди.
Мазкур муассасалар фаолиятини йўлга қўйишда белгиланган карантин қоидаларига амал қилинади. Хусусий мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш, биноларни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар ҳамда дезинфекцион тоннеллар билан жиҳозлаш кабилар белгилаб қўйилди.
Бозорлар ва қурилиш савдо мажмуаларида ҳам ана шу каби талабларга қатъий риоя қилиниши кўрсатилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Фарғонада 278 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 255 нафари соғайган ва 1 нафари вафот этган. Соғайиш 95 фоизга тенг.