Фарғонада давлатнинг “свет”ини еб ётган майнинг фермаси топилди

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида 2,8 млрд сўмдан зиёд зарар келтирган майнинг фермаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспексияси хабар берди. 

Қайд этилишича, “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ мутахассислари билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишларнинг олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда. 

Хусусан, Учкўприк туманининг Боғибўстон маҳалласида фаолият кўрсатувчи МЧЖда фуқаро М.А. томонидан ўзбошимчалик билан электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилиб, майнинг қурилмаларини тўғридан-тўғри электр тармоғига улаб, ноқонуний равишда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган. 

Дастлабки қайта ҳисоб-китобларга кўра, М.А. томонидан тизимга 2,8 млрд сўмдан зиёд зарар етказилган. 

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида давлат манфаатларига 24 миллиард сўмдан зиёд зарар келтирган ноқонуний майнинг фермаси топилган. Кейинроқ Сурхондарё вилоятининг Узун туманида  114 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмасини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаган фуқаролар аниқланган. Бу орқали улар давлат ва жамият манфаатларига 425,7 миллион сўм зарар етказган.


Мақола муаллифи

Теглар

майнинг ферма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг