Фарғонада бир кунлик чақалоқ далага ташлаб кетилди
3-саҳифа
−
13 Ноябрь 2023
11576Фарғона вилоятининг Фарғона туманида янги туғилган чақалоқ қирли далага ташлаб кетилди. Бу ҳақда “Замон” дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Фарғона тумани “Юқори арча” МФЙдаги катта далага янги туғилган, ҳали киндиги ҳам кесилмаган қиз бола жинсидаги чақалоқ ташлаб кетилган. Кун ботишига яқин вақтда далани от билан айланиб юрган фуқаро уни топиб олган.
“Яхшиям ўша куни далани айланиб юрган эканман. Йўқса бир ярим соатдан кейин қоронғи тушарди, яқин атрофда дайди итлар кезиб юрганди”, деган чақалоқни топиб олган эркак.
У шу заҳоти ўғлига қўнғироқ қилган, ўғли эса ҳудудий инспектор ҳамроҳлигида воқеа жойига етиб келган. Инспектор тез ёрдам чақирилганига қарамай вақтдан ютиш мақсадида чақалоқни ўз шахсий машинасида шифохонага олиб борган.
Шифохонада гўдакнинг ҳаёти сақлаб қолинган, бироқ у узоқ муддат совуқда қолиб кетгани сабаб танасининг ҳарорати пасайиб кетгани маълум бўлган.
“Чақалоқ туғилиши биланоқ ташлаб кетилган. Унинг киндигидаги белгилардан туғуруқ уй шароитида бўлгани билинади”, дейди болага биринчи ёрдам кўрсатган шифокорлардан бири.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган маълумотларда эса чақалоқнинг ота-онаси ҳали мактаб ўқувчилари экани айтилмоқда.
QALAMPIR.UZ мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Фарғона вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Исмоил Шарипов билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, мазкур жиноятни содир этган аёл ва боланинг биологик отаси кимлиги аниқланган. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Сизга айтишим мумкин бўлгани фақат шулар, фуқароларнинг шахси билан боғлиқ маълумотлар эса қонунчиликка кўра, сир тутилади”, дейди Шарипов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилояти Қоракўл туманида 28 ёшли аёл 4 кунлик чақалоғини кўчага ташлаб кетган эди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь