Бухорода 4 кунлик чақалоқ кўчага ташлаб кетилди
3-саҳифа
−
09 Август 2023
13689Бухоро вилояти Қоракўл туманида 28 ёшли аёл 4 кунлик чақалоғини кўчага ташлаб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 8 август куни соат 01:30 ларда Қоракўл тумани марказида тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ходимлари ўзига бириктирилган ҳудуддаги туман Марказий касалхона биносининг орқа томонидан яшил рангли қопга солинган ўғил бола жинсига мансуб, тахминан 3-5 кунлик соғлом чақалоқни топиб олган.
Шу пайтнинг ўзида чақалоқ ИИО ходимлари томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси Болалар бўлимига ётқизилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва соҳа мутахассислари назоратига олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу чақалоқ 2023 йилнинг 4 август куни Қоракўл тумани “Мироб” маҳалласида яшовчи 28 ёшли Б.З. исмли аёл томонидан ўз хонадонида ҳеч қандай тиббиёт ходимларисиз дунёга келтирилгани ва орадан 3 кун ўтгач, юқорида айтиб ўтилган манзилга ташлаб кетилгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат ҳамда уни келтириб чиқарган сабаб ва омилларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, унинг якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.