Фарғонада 10 нафар ҳоким жазоланди
Жамият
−
13 Март
14379Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров 10 нафар туман ва шаҳар ҳокимларини жазолади. Бу ҳақда ҳокимнинг тегишли фармойиши эълон қилинди.
Қайд этилишича, вилоятда қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини экспортга чиқариш кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, 2024 йил январь-февраль ойлари учун белгиланган экспорт режалари бажарилишини таъминлашда айрим шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан қолоқликка йўл қўйилган.
Жумладан, экспорт режаларини Фарғона шаҳри 65.2 фоизга, Қувасой шаҳри 62.8 фоизга, Қўқон шаҳри 65.4 фоизга, Данғара тумани 64.8 фоизга, Ёзёвон тумани 53.1 фоизга, Риштон тумани 50.3 фоизга, Сўх тумани 24.5 фоизга, Тошлоқ тумани 43.1 фоизга, Фарғона тумани 41.3 фоизга, Ўзбекистон тумани 71.2 фоизга бажарган, холос.
Шу сабабли:
- Фарғона шаҳри ҳокими В.Назаров;
- Қувасой шаҳри ҳокими З.Тўрақулов;
- Қўқон шаҳри ҳокими М.Усмонов;
- Данғара тумани ҳокими Ш.Тожиҳакимов;
- Ёзёвон тумани ҳокими Д.Жалилов;
- Риштон тумани ҳокими Б.Холиқов;
- Сўх тумани ҳокими С.Сайидмусаев;
- Тошлоқ тумани ҳокими А.Жўрабоев;
- Фарғона тумани ҳокими Х.Иномов;
- Ўзбекистон тумани ҳокими Ш.Юлдашевларга Меҳнат кодексининг 312-моддаси 2-бандига асосан ўртача ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида жарима қўлланилди.
“Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шаҳар ва туман ҳокимларига нисбатан қўлланилган жарима миқдорини ўрнатилган тартибда ойлик иш ҳақидан ундириш чораларини кўриб, натижаси юзасидан вилоят ҳокимлигига ахборот киритсин. Ушбу фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Н.Мамажонов зиммасига юклансин”, дейилади фармойишда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Когон шаҳри ҳокими Ҳаёт Давлатовга нисбатан ”ҳайфсан” интизомий жазо чорасини қўллаганди.
LiveБарчаси