Фарғона вилояти ҳокимининг Матбуот котиби истеъфо берди
Жамият
−
28 Сентябрь 2020
16345Фарғона вилояти ҳокимлигининг Матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаб келган журналист Муҳаммаджон Обидов истеъфо берди. Сўнгги бир йил ичида ушбу лавозимда ишлаган Обидов истеъфоси Шуҳрат Ғаниевнинг кетиши билан боғлиқмаслигини айтган.
У пневмонияга чалиниб, 17 сентябрдан буён шифохонада қолмоқда. Обидов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига сунъий ҳаво бериш мосламасига улангани тасвирланган суратни жойлаштирган.
“17 сентябрдан буён пневмония касаллиги билан шифохонадаман. Бир оз жиддийроқ келди. Ўпканинг 45 фоизи шикастланган. Шуҳрат Ғаниевни кузатиш, Хайрулло Бозоровни тайинлаш маросимида ҳам иштирок этолмадим. Врачлар яхши қарашяпти. Аммо ўзгариш жуда суст.
Ҳокимликнинг Ахборот хизматини бир кун ҳам эгасиз қолдириб бўлмайди. Қолаверса, янги ҳоким иш бошлади. Шунинг учун бугун бир қарорга келдим: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбарлигига истеъфо бердим. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан илгари ҳам, ҳозир ҳам учрашмаганман. Шундай бўлса-да касаллигимни инобатга олиб, аввал тузалиб чиқсин, ёки телефонда бир сўзлашай демасдан истеъфоимни қабул қилибдилар. Хурсанд бўлдим”, деб ёзади Обидов.
У ўз сўзида давом этаркан, ҳокимликдаги бир йиллик фаолиятини баҳолаган ва Шуҳрат Ғаниев шахсига таъриф берган.
“Бир йил Ғаниев билан астойдил, фидойилик ва садоқат билан ишладим. Янги тизим – Ахборот хизмати имиджини ҳам яратдик. Мен шу давр фаолиятим билан фахрланаман. Ғаниев кучли шахс ва буни республика миқёсида қиладиган ишлари билан исботлашига аминман.
Дўстлар, менинг истеъфоимни бошқача талқин қилмай қандай бўлса шундайлигича қабул қиласизлар, деб умид қиламан. Қўлингиздан келса, дуо қилиб қўйинг”, деб ёзади Муҳаммаджон Обидов.
QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари устоз журналист Муҳаммаджон Обидовга мустаҳкам соғлик тилайди.
LiveБарчаси