Фарҳод Деҳқонов қўйиб юборилди
3-саҳифа
−
11 Сентябрь 2022
21873Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов Чилонзор туманида 58 туп дарахт кесиб ташлангани бўйича 9 сентябрь куни ҳибсга олинган эди. Ушбу ҳолат жамоатчиликнинг муҳокамаси ва эътирозига сабаб бўлганди.
Фарҳод Дехқонов кеча, 10 сентябрь куни тунда қўйиб юборилиб, оиласи бағрига қайтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.
“Дарахткесарларга қарши курашадиган орган раҳбари ҳибсга олиниши жамоатчиликни ларзага келтирди. Айниқса, бу экология тизимидаги ходимларга шаштни сўндирадиган даражада қаттиқ зарба бўлди.
Ҳайриятки, ҳаммаси ортда қолди.
Экологлар рухни чўктирмаймиз!
Фурсатдан фойдаланиб, вазиятни холис баҳолаб, тўғри қарор қабул қилинишига ҳисса қўшган Бош прокуроримизга миннатдорлик билдираман”, дейди Кушербоев.
Бош прокуратуранинг кеча, 10 сентябрь куни тарқатган дастлабки маълумотига кўра, Фарҳод Деҳқонов Тошкент шаҳар Экология ва атрофни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, асосий вазифаси экология ва атрофни муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш керак бўлган ҳолда, ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, гўёки дарахтларни кўчиришга рухсат берганлиги важи билан уларни нобуд қилинишига шароит яратиб берган. Шу боис у Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 сентябрь куни Тошкентнинг Чилонзор туманида 58 туп манзарали ва мевали дарахтлар тўғридан-тўғри тақиқ борлигига қарамай хусусий қурувчи компанияи томонидан илдизи билан кесиб ташланганди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 797 700 000 сўм миқдорида зарар етказилган деб баҳолади. Бош прокуратура қурувчи ташкилот раҳбари табиатга етказилган 797,7 млн сўм зарарни тўлиқ қоплаганини маълум қилди.
Ҳолат бўйича қурувчи ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси