Фам Минь Тинь Мирзиёевни Вьетнамга таклиф қилди
Жамият
−
24 Октябрь
3639Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 октябрь куни Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган BRICS саммити доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Бош вазири Фам Минь Тинь билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Вьетнам ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий алоқаларни, айниқса савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳукуматлараро ва идоралараро мулоқотларга тизимли тус бериш зарурлиги таъкидланди. Томонлар келгуси йил бошида Ханой шаҳрида Савдо-иқтисодий масалалар бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини, шунингдек, бизнес форуми ва саноат кўргазмасини ўтказишга келишиб олди.
Янги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида нефть-кимё, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини тайёрлаш таклиф этилди. Ишбилармонлик ва сайёҳлик алоқаларини, шу жумладан визасиз тартиб жорий этиш орқали кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий ва юқори даражадаги учрашувлар жадвали кўриб чиқилди. Бош вазир Фам Минь Тинь Ўзбекистон Президентини расмий ташриф билан Вьетнамга боришга таклиф этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни BRICS саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозонга етиб борганди. У саммит доирасида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, ва Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф билан учрашув ўтказганди. Мирзиёев, шунингдек, Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихонов билан ҳам учрашув ўтказди. Учрашувдан сўнг Ўзбекистон раҳбарини Татаристон Республикасининг давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мукофотни Татаристон Раиси Рустам Миннихонов тантанали равишда топширди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь