Фаластиннинг БМТга аъзо бўлиши масаласи қачон овозга қўйилиши айтилди

Олам

image

БМТ Хавфсизлик кенгаши эртага, 19 апрель куни Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш сўровини овозга қўяди. Резолюция лойиҳасида БМТ Бош Ассамблеясига “Фаластин давлатини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилиш” тавсия этилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Агентликнинг ёзишича, Қўшма Штатлар бу қадамни блоклаши кутилмоқда, чунки Фаластинни БМТга қабул қилиш уни давлат сифатида тан олишни англатади.

Резолюцияни қабул қилиш учун 15 тадан камида 9 та давлат ёқлаб овоз бериши, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ёки Хитой томонидан вето қўйилмаслиги керак. Дипломатларнинг таъкидлашича, бу чора кенгашнинг 13 аъзоси томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин, бу эса АҚШни вето қўйишга мажбур қилади.

Резолюция лойиҳасини илгари сурган Жазоир Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқ бўйича йиғилишига тўғри келиши учун пайшанба куни тушдан кейин овоз беришни сўраган. Қўшма Штатлар эса мустақил Фаластин давлатини яратиш БМТда эмас, балки можаро иштирокчилари ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар орқали амалга оширилиши кераклигини таъкидлайди.

"Axios" порталининг манбаларига кўра, Америка Президенти маъмурияти сўнгги икки ҳафта ичида Фаластин Президенти ва унинг маслаҳатчиларига БМТга аъзолик аризасини қайтариб олиш учун босим ўтказган. Америка расмийлари икки ҳафта давомида деярли ҳар куни фаластинлик ҳамкасблари билан бу масалани муҳокама қилган ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Маҳмуд Аббос билан телефон суҳбатида бу масалани тўғридан-тўғри кўтарган.

Юқори мартабали бир амалдорнинг нашрга айтишича, Байден маъмурияти Аббос, агар Байден билан Оқ уйда учрашишга таклиф қилинса, таклифни тўхтатиб қўядими ёки йўқми, деб сўраган, бироқ Фаластин Президенти рад жавобини берган.

Исроил расмийсининг порталга айтишича, Фаластин таклифи Жазоир, Гаяна, Хитой, Мальта, Мозамбик, Россия, Словения ва Серра-Леоне томонидан қўллаб-қувватланиши кутилмоқда. Буюк Британия овоз беришда бетараф қолиши мумкин.

"АҚШ ва Исроил Франция, Швейцария, Эквадор, Жанубий Корея ва Японияни Фаластин таклифига қарши овоз беришга ёки овоз беришда бетараф бўлишга кўндирмоқда. Шу билан бирга, агар уринишлар натижа бермаса, АҚШ резолюцияга вето қўйиши кутилмоқда", деб хабар бермоқда портал манбаларига таяниб.

Фаластин айни дамда БМТга аъзо бўлмаган кузатувчи давлат ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлиқ аъзоси бўлиш учун ариза Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланиши ва кейин Бош Ассамблея аъзоларининг камида учдан икки қисми томонидан қўллаб-қувватланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ БМТ Фаластин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made