Фаластин-Исроил можароси: ҳар икки томондан қурбонлар 6 мингдан ошди

Олам

image

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрдан бери ҳудуд аҳолиси орасида қурбонлар бўйича янги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 4651 киши, жумладан 1873 нафар бола, 1101 нафар аёл ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазонинг шимолий қисмидан жанубига кўчиб ўтаётган аҳолидан 839 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, 14 245 киши жароҳат олган.

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қайд этишича, исроиллик қурбон бўлганлар сони 1,4 мингдан ортиқни, жароҳатланганлар эса 5,4 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Турли манбаларга кўра, 150 га яқин исроиллик ҲАМАС томонидан асирда бўлиши мумкин. Ҳаракатнинг ўзи Ғазо секторида 200-250 га яқин маҳбус борлигини маълум қилган.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин-Исроил можароси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг