Ёзувчи аёлни зўрлашда айбланган Трамп судга гаров пули тўлади

Олам

image

Аввалроқ, Нью-Йорк суди АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп америкалик ёзувчи Элизабет Жин Кэрроллга 83,3 миллион доллар товон тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди. Кеча, 8 март куни Трамп унга нисбатан қўзғатилган ишни қайта кўриб чиқиш учун  91,6 миллион доллар гаров тўлади. Бу ҳақда Нью-Йорк округ суди маълум қилди.

Қайд этилишича, суд ишни уч кун ичида кўриб чиқади. Агар аёлнинг шикояти қаноатлантирилса, бу миқдор унга товон тўлаш учун етарли бўлади ва айни пайтда Трамп тўлаган гаров пули унинг ўрнини босади. Шу билан бирга, Трамп ўзига нисбатан қўйилган айбловларнинг барчасини рад этмоқда. Агар у бу ишда ғалаба қозонса, унинг пуллари қайтарилади. Жин Кэрролл эса ёлғон кўрсатма бергани учун жавобгарликка тортилади.

Маълумот учун, 2019 йил июнь ойида “New York” журнали ўша пайтда 75 ёшда бўлган шарҳловчининг янги китобидан парчаларни чоп этган. Китобда Кэрролл Трамп уни 1995 йил охири ёки 1996 йил бошида Нью-Йоркдаги универмагнинг кийим-кечак хонасида зўрлагани ҳақида даъво қилган. Кэрроллнинг сўзларига кўра, у Трампни аввалдан таниган ва ундан дўстига совға танлашда ёрдам сўраган. Бутикда Трамп уни кийим-кечак хонасига олиб борган ва у ерда жинсий тажовуз қилган. Журналистнинг сўзларига кўра, у полицияга бормаган, воқеа ҳақида икки яқин дугонасига айтган, холос.

Китобдаги маълумотларга жавобан Трамп Кэрроллни танимаслигини ва журналист “унинг дидидаги аёл эмас”лигини айтди. Аммо собиқ президентни сўроқ қилиш пайтида журналистнинг адвокатлари сиёсатчига 1987 йилдаги фотосуратни кўрсатди, унда журналист ва унинг ўша пайтдаги эри Трамп ва унинг рафиқаси билан мулоқотда бўлгани тасвирланган.
Трамп ўтмишда бир неча бор жинсий зўравонликда айбланган. Хусусан, 2018 йилнинг март ойида порно актриса Стефани Клиффорднинг Трамп билан 2006 йилдан 2007 йилгача давом этган тахминий алоқалари билан боғлиқ даъвоси ҳақида тафсилотлар маълум бўлди. Суд ҳужжатларига кўра, Клиффорд ва Трампнинг адвокати Майкл Коэн 2016 йилнинг кузида, миллиардер АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан бир неча кун ўтиб, махфийлик тўғрисидаги битимни имзолаган.

Бир қатор суд жараёнларига қарамай, 77 ёшли Дональд Трамп ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида республикачилардан энг истиқболли номзод сифатида кўрилмоқда. Мутахассислар ва кузатувчиларнинг қайд этишича, Трамп кўпинча суд мажлисларидан ўзига хос сайловолди тадбир сифатида фойдаланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Нью-Йорк гаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг