“Жодугар ови”. Трамп ёзувчи аёлни зўрлашда айбдор деб топилди

Олам

image

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Нью-Йоркда америкалик ёзувчи Элизабет Жин Кэрроллга нисбатан туҳмат бўйича иккинчи суд жараёнида қўшимча 83,3 миллион доллар товон тўлашга мажбур бўлди. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси хабар берди.

Тегишли қарор кеча, 26 январь куни суд ҳайъати томонидан қабул қилинган. Трамп бу жараённи “жодугар ови” ва “сиёсий таъқиб”, ҳукмнинг ўзини эса “ўтакетган майнавозчилик” деб атади ва унинг устидан шикоят қилиш ниятида эканини айтди.

Бу 80 ёшли Кэрроллнинг Трампга қарши қўзғатган иккинчи фуқаролик иши бўлди. 2023 йилнинг май ойида бўлиб ўтган биринчи суд жараёнида суд ҳайъати Трамп 1996 йилда Нью-Йоркдаги универмагда Кэрроллга жинсий тажовуз ва кейинчалик туҳмат қилганини аниқлади. Ўшанда суд ёзувчи фойдасига беш миллион доллар миқдорида товон пули тайинлади.

Иккинчи суд жараёни бошланишидан олдин судья Луис Каплан Трампнинг кейинги изоҳларини туҳмат деб топди. Шуниси эътиборга лойиқки, биринчи суд жараёнидан фарқли ўлароқ, бу сафар Трамп суд залида бир неча бор шахсан қатнашди ва "кўплаб изоҳлар" билан йиғилганларнинг эътиборини тортди, шундан сўнг судья уни суд жараёнидан четлаштириш билан таҳдид қилди.

Маълумот учун, 2019 йил июнь ойида “New York” журнали ўша пайтда 75 ёшда бўлган шарҳловчининг янги китобидан парчаларни чоп этган. Китобда Кэрролл Трамп уни 1995 йил охири ёки 1996 йил бошида Нью-Йоркдаги универмагнинг кийим-кечак хонасида зўрлагани ҳақида даъво қилган. Кэрроллнинг сўзларига кўра, у Трампни аввалдан таниган ва ундан дўстига совға танлашда ёрдам сўраган. Бутикда Трамп уни кийим-кечак хонасига олиб борган ва у ерда жинсий тажовуз қилган. Журналистнинг сўзларига кўра, у полицияга бормаган, воқеа ҳақида икки яқин дугонасига айтган, холос.

Китобга жавобан Трамп Кэрроллни танимаслигини ва журналист “унинг дидидаги аёл эмас”лигини айтди. Аммо собиқ президентни сўроқ қилиш пайтида журналистнинг адвокатлари сиёсатчига 1987 йилдаги фотосуратни кўрсатди, унда журналист ва унинг ўша пайтдаги эри Трамп ва унинг рафиқаси билан мулоқотда бўлгани тасвирланган.

Трамп ўтмишда бир неча бор жинсий зўравонликда айбланган. Хусусан, 2018 йилнинг март ойида порно актриса Стефани Клиффорднинг Трамп билан 2006 йилдан 2007 йилгача давом этган тахминий алоқалари билан боғлиқ даъвоси ҳақида маълум бўлди. Суд ҳужжатларига кўра, Клиффорд ва Трампнинг адвокати Майкл Коэн 2016 йилнинг кузида, миллиардер АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан бир неча кун ўтиб, махфийлик тўғрисидаги битимни имзолаган.

Бир қатор суд жараёнларига қарамай, 77 ёшли Дональд Трамп ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида республикачилардан энг истиқболли номзод сифатида кўрилмоқда. Мутахассислар ва кузатувчиларнинг қайд этишича, Трамп кўпинча суд мажлисларидан ўзига хос сайловолди тадбири сифатида фойдаланади.


Мақола муаллифи

Теглар

суд АҚШ Дональд Трамп Элизабет Жин Кэрролл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг