Ёз яқин. Ўзбекистон ва Туркманистон Амударёдан фойдаланишни келишиб олди
Жамият
−
17 Март
9210Ўзбекистон ва Туркманистон сув хўжалиги идоралари раҳбарлари сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш ва модернизациялаш, Амударёда селга қарши ва қирғоқни мустаҳкамлаш ишларини олиб бориш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари кўриб чиқди. Бу ҳақда “Дунё”ахборот агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 13-14 март кунлари Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги делегацияси ишчи ташриф билан Туркманистонга борган ва Туркманобод шаҳрида иккала давлат сув хўжалиги идоралари раҳбарлари ва мутахассисларининг учрашуви бўлиб ўтган.
Музокаралар натижасида ўзбек-туркман сув хўжалиги масалалари бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи йиғилишида эришилган келишувларни изчил амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар келишиб олинган.
“Томонлар Амударё оқими йўқотишларининг олдини олиш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган зарур гидротехник тадбирларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Мулоқот давомида, шунингдек, трансчегаравий сув объектларида қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сув ресурслари ҳисобини рақамлаштириш бўйича тажриба алмашиш ҳамда сув хўжалиги соҳаси учун мутахассислар тайёрлашда ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон сув хўжалиги идоралари вакиллари Туямўйин гидроузели объектларига ташриф буюриб, уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлашга қаратилган қўшма чора-тадбирларни жойида муҳокама қилган.
Маълумот учун, аввалроқ Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистонда қурилаётган Қўштепа каналидан хавотир билдирганди. Қўштепа канали доимий қурғоқчиликдан азият чекаётган ҳудудларга сув етказиб бериш орқали қишлоқ хўжалиги ландшафтини ўзгартиришга қаратилган. Қурилиш тугагач, канал 285 километрга чўзилади ва мамлакатнинг қурғоқчил шимолий вилоятларини суғоришга ёрдам беради. Аммо канал Амударё ресурсларини йўналтиради ва совет давридан буён бу манбадан фойдаланган икки давлат учун сув таъминоти бўйича муаммоларни пайдо қилади. Ўзбекистон ва Туркманистон 2028 йилда сув йўли қуриб битказилганидан сўнг ҳозирги сув оқимининг 15 фоизгача қисмини йўқотиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарё сувини ҳисоблашни автоматлаштириши, дарё бўйида 10 та ўлчаш станцияси ўрнатгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси