Эрве Ренар ЖЧнинг қолган ўйинларида Тунисни бошқаради
Спорт
−
16 Июнь 1438 1 дақиқа
Франциялик мутахассис Эрве Ренар Жаҳон чемпионатининг охиригача Тунис терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Тунис футбол федерацияси матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ, Тунис терма жамоасининг собиқ мураббийи Сабри Ламуши биринчи турда Швецияга қарши ўйинда (1:5) мағлубиятдан сўнг, лавозимидан бўшатилганини хабар қилган эди.
“Ренар бугун кечқурун ўз вазифасини бажаришни бошлайди ва молиявий қўллаб-қувватлаш аввалги даражада сақланиб қолади. Шунингдек, келишувда Жаҳон чемпионатидан кейин аниқ спорт мақсадларига асосланган узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича музокаралар бошлаши ҳам кўзда тутилган”, дейилади баёнотда.
Франциялик мутахассис билан матбуот анжумани бугун, 16 июнь куни ўтказилади.
57 ёшли Ренар олдинроқ Жаҳон чемпионати олдидан Саудия Арабистони терма жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этган эди. Шунингдек, у Марокаш, Кот-д’Ивуар, Ангола ва Замбия терма жамоаларини ҳам бошқарган. Ренар Африка Миллатлар Кубогида Кот-д’Ивуар ва Замбияни чемпионликка олиб чиққан.
Маълумот учун, Тунис 2-тур учрашувини жорий йилнинг 21 июнь куни Японияга қарши ўтказади.
Live
Барчаси