Эртаклардаги аждаҳоларни эслатувчи спинозаврнинг қолдиқлари топилди
Бу қизиқ
−
27 Февраль 3078 2 дақиқа
Нигер ҳудудида Чикаго университети палеонтологлари бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи томонидан Spinosaurus mirabilis (“ажойиб тиконли калтакесак”) деб номланган янги тур қолдиқлари топилди. Бу ҳақда “Science” журнали хабар берди.
Олимлар жамоаси Spinosaurus mirabilis’нинг бир нечта вакилларига тегишли қолдиқларни топган ва бу динозаврнинг кўринишини қайта тиклашга ёрдам берган. Ушбу йиртқичнинг узунлиги мактаб автобуси билан тенг бўлиб, у қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга бўлган:
- Бош чаноғидан чиқиб турувчи ҳайбатли шох;
- Тимсоҳникига ўхшаш бурун-оғиз қисми;
- Одам кафтидек келадиган улкан ва ўткир тишлар билан тўла узун жағ.
Тадқиқотчиларнинг тахминига кўра, бу шох ёки тизма ёрқин рангга эга бўлиб, у жуфтлашиш учун шерикларни жалб қилиш ёки рақибларни ўз ҳудудидан ҳайдаш учун хизмат қилган бўлиши мумкин.

Яшаш тарзи ва муҳити
Олимларнинг фикрича, спинозаврларнинг ушбу тури тахминан 95 миллион йил аввал, бўр даврида, ҳозирги марказий Саҳрои Кабир ҳудудидаги ботқоқликларда яшаган. Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Пол Серено уларни саёзликда балиқ овловчи ва танаси ярим сув ҳаётига яхши мослашган қарқараларга (тустовуқсимон қушлар) қиёслаган.

Олимларнинг таъкидлашича, ушбу кам ўрганилган динозаврлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун яхшироқ сақланиб қолган намуналарни топиш зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойдаги Сичуань провинциясида палеонтологлар 200 миллион йиллик динозавр изларини топганди.
Live
Барчаси