Эртага бутун Қозоғистон бўйлаб сейсмик машғулотлар ўтказилади
Олам
−
22 Февраль
5629Эртага, 23 февраль куни Қозоғистоннинг барча ҳудудларида режали сейсмик тайёргарлик ишлари ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, шу куни аҳолини огоҳлантириш тизими ишга туширилади.
“Сейсмик тайёргарликдан кўзланган асосий мақсад аҳолининг зилзила хавфи содир бўлган тақдирда ҳаракат қилишга тайёргарлик даражасини оширишдан иборат. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига огоҳлантиришни эътиборсиз қолдирмаслик ва сейсмик тайёргарликда фаол иштирок этишни тавсия қилади”, дейилади расмий хабарда.
Олмаота Фавқулодда вазиятлар бошқармаси сейсмик тайёргарлик эртага соат 10:00да бошланиши режалаштирилганини маълум қилган. Бошқарма бошлиғи Нурлан Атиқаевнинг тушунтиришича, мазкур тадбир аҳолини экстремал вазиятларга тайёрлаш ва хавфсизлик маданиятини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан роппа-роса бир ой аввал, 23 январга ўтар кечаси Олмаота аҳолиси кучли ер силкинишини ҳис қилган эди. Зилзила 5 балли деб баҳоланган. Олмаотадаги зилзила оқибатида 60 дан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олгани маълум бўлди. Олмаота вилоятида зилзиладан кейин 40 дан ортиқ биноларда ёриқлар аниқланган.
Кейинроқ ижтимоий тармоқларда Олмаота шаҳрида яқин кунларда 12 балли зилзила содир бўлиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги буни рад этди ва зилзиланинг вужудга келиши мумкин бўлган аниқ вақт ва жойни прогноз қилишнинг деярли имкони йўқлигини билдирди.