Олмаотада беш балли зилзила оқибатида 44 киши жабрланди (видео)
Олам
−
23 Январь
10344Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида кеча, 22 январь куни тунда содир бўлган зилзиладан 44 киши жароҳатланди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Nur.kz” хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Олмаотада турли кўринишдаги, енгил ва ўртача оғирликдаги жароҳат олган 44 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
“Турли кўрсаткичлар билан улар шаҳар шифохоналарига етказилган, шундан 34 нафари катталар бўлиб, уларнинг 3 нафари шифохонага ётқизилган, 31 нафари амбулатор даволанишга юборилган. Шунингдек, 10 нафар болага тиббий ёрдам кўрсатилди, улардан 5 нафари шифохонага ётқизилди, 5 нафари амбулатор даволанишга юборилди”, дейилади хабарда
Шунингдек, барча беморларга шаҳардаги тиббиёт муассасаларида малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилади.
Билдирилишича, шаҳардаги тез тиббий ёрдам хизмати ва барча кўп тармоқли шифохоналар, жумладан, ихтисослаштирилган шифохоналар, болалар шифохоналари, туғруқхона ташкилотлари кучайтирилган режимда ишламоқда.
Шунингдек, зилзиладан кейин Олмаотада мактаб ва коллежларда биринчи сменадаги дарслар бекор қилинган.
“Шаҳардаги барча мактаб ва коллежларда қабул пунктлари тун бўйи ишлагани муносабати билан 2024 йил 23 январдан мактаб ва коллежларда биринчи сменадаги дарслар бекор қилинди. Боғчалар одатдагидек ишлайди”, дейилади шаҳар таълим бошқармаси баёнотида.
Маълумот учун, кеча тунда содир бўлган зилзилада қозоғистонликлар ҳис қилган силкинишлар беш магнитудага етди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 январь куни соат 23:08 да Хитой-Қирғизистон чегарасида содир бўлган зилзила Ўзбекистоннинг водий вилоятлари (3-4 балл) ва Тошкентга (3 балл)таъсир қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь