Эртага Бош прокурор номзоди қайта кўриб чиқилади
Жамият
−
20 Июнь
18431Эртага, 21 июнь куни бўлиб ўтадиган Сенатнинг 53-ялпи мажлисида Бош прокурор номзоди қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда бугун, 20 июнь куни Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигида ўтган мажлисда сўз борди.
Ўзбекистоннинг айни пайтдаги Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 2015 йилдан 2019 йилга қадар Сенатга раислик қилган. 2019 йилнинг июнида эса у Бош прокурор этиб тайинланган.
Маълумот учун, Конституциянинг 144-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ҳамда вилоят, туман ва шаҳар прокурорларининг ваколат муддати — беш йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Мажлисда, шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини сайлаш, Судьялар олий кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги, “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
LiveБарчаси