Эроннинг ШҲТга кириши учун қандай шартлар бор?
Жамият
−
15 Сентябрь 2022
10168ШҲТ Хартияси ва унинг бошқа меъёрий ҳужжатларига кўра, ташкилотга аъзо бўлишга номзод давлат ШҲТнинг мақсад ва вазифаларини баҳам кўриши, бошқа аъзо давлатларга қарши душманона ҳаракатларни амалга оширмаслиги керак. Бундан ташқари, мамлакат ҳудуди Евроосиё минтақасида бўлиши ва унга нисбатан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкциялари қўлланилмаган бўлиши керак. Бу ҳақда ШҲТнинг Ўзбекистон бўйича Миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов маълум қилди.
Нуримбетовнинг сўзларига кўра, Эрон бу мезонларнинг барчасига жавоб беради ва шу муносабат билан 2021 йилда бўлиб ўтадиган ШҲТнинг Душанбе саммитида ушбу давлатни Ташкилотга қабул қилиш тартибини бошлашга қарор қилинди.
“Самарқанд саммити арафасида Эрон томонидан Мажбуриятлар тўғрисидаги меморандум имзоланди, бу Теҳроннинг ШҲТ Низоми ва бошқа бир қатор фундаментал ҳужжатларига қўшилиши зарурлигини билдиради. Умуман олганда, Эрон Ташкилотнинг 40 дан ортиқ ҳужжатларини ратификация қилиши керак. Фақатгина ушбу тартибдан сўнг мамлакатга тўлиқ аъзо мақоми берилади.
Мисол учун, Ҳиндистон ва Покистон меморандум имзолаганидан бир йил ўтгач ва шунга ўхшаш барча талабларга жавоб берганидан кейин аъзоликка қабул қилинди. Ушбу амалиётга асосланиб, агар Эрон навбатдаги саммитгача ўз мажбуриятларини бажарса, у ҳолда 2023 йилда, яъни, Ҳиндистон раислиги даврида ШҲТга қабул қилиниши мумкин. Бу ерда кўп нарса Эрон томонининг ушбу тартибни амалга ошириш суръатига боғлиқ”, дейди Ўзбекистоннинг ШҲТдаги координатори.
Аввалроқ Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзолангани ҳақида хабар берган эдик. ШҲТ Бош котиби Чжан Минг бугун Эрон учун ҳам, ташкилот учун ҳам муҳим кун эканини таъкидлади.
Маълумот учун, 2005 йилда Эрон ШҲТда кузатувчи давлатга айланди. Мамлакатнинг ташкилотга тўлақонли аъзолигига кириш жараёни 2021 йилда бошланган.
LiveБарчаси