Эронлик хакерлар Байден ва Трампга “ҳужум қилди”
Олам
−
24 Август
3409Эроннинг АPT42 типидаги хакерлар гуруҳи бир қатор Ғарб сиёсатчилари, жумладан, Байден ва Трампнинг ижтимоий тармоқдаги аккаунтларини бузишга уринди. Бу ҳақда кеча, 23 август куни Меta компанияси маълум қилди.
Нишонга олинганлар орасида Исроилдаги сиёсатчилар, дипломатлар ва жамоат арбоблари, шунингдек, Эрон ва Фаластин миллий маъмуриятидаги ҳуқуқ фаоллари ҳам бор. Айниқса, Оқ уй раҳбари Жо Байден ҳамда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга алоқадор WhatsApp аккаунтлари алоҳида кўрсатилган.
Меta хабарига кўра, хакерлар фишинг усулини қўллаган – улар ўзларини турли хизматлар (АОL, Google, Yahoo ва Microsoft) техник қўллаб-қувватлаш ходимлари сифатида кўрсатган ва уларни алдаб, потенциал қурбоннинг аккаунтига киришга ҳаракат қилган. Ҳужумга учраган баъзи одамлар ушбу шубҳали хабарлар ҳақида WhatsApp’нинг техник ёрдам бўлимига хабар берган. Хакерларнинг ҳужумлари муваффақиятсиз тугаган.
Google вакиллари шу каби хакерлик ҳужумларини август ойи ўрталарида эълон қилган эди. АPT42 Исроилнинг собиқ юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва аэрокосмик раҳбарининг аккаунтларини нишонга олишга уриниб, журналистик сўровлар ниқоби остида мамлакатнинг қўшни давлатлардаги нишонларга берган зарбаларига изоҳ бериш учун электрон почта хабарларини юборганди. Электрон почта хабарларида нишонга олинган қурбоннинг ҳисоб маълумотларини тўплайдиган фишинг ресурсига олиб келадиган қисқартирилган ҳавола мавжуд эди.
Google маълумотларига кўра, сўнгги олти ой ичида Қўшма Штатлар ва Исроил барча АPT42 ҳужумларининг қарийб 60 фоизини ташкил қилган. Компания, худди Меta сингари, эронлик хакерлар фаолиятини АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари билан боғлайди.
Шундай қилиб, яқинда содир бўлган ҳужумлар бўлажак сайловларда демократлардан номзод бўлган вице-президент Камола Ҳарриснинг ишларига ҳам таъсир қилди. Бундан ташқари, июнь ойида хакерлар Трамп кампаниясининг ички ҳужжатларига кириш ҳуқуқига эга бўлганди.
Ҳужумлар сони ортиб бораётгани ҳақидаги маълумотларни АҚШ Миллий разведка хизмати, Федерал қидирув бюроси ва Миллий хавфсизлик департаменти қошидаги Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги ҳам тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик хакерлар Буюк Британия Мудофаа вазирлиги базасини бузиб киргани хабар қилинганди.
LiveБарчаси