Эрондаги президентлик сайловларида икки номзод етакчилик қилмоқда
Олам
−
29 Июнь
7050Эрондаги навбатдан ташқари президентлик сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, ислоҳотчи Масъуд Пезешкиён ва консерватор Саид Жалилий етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Масъуд Пезешкиён 12 миллион овоз ҳисоблаб чиқилганидан сўнг, консерватив Саид Жалилийдан ўзиб кетди.
IRIB телеканали таъкидлашича, 58 минг сайлов участкасидан 32,2 мингтасида бюллетенларни қайта кўриб чиқиш натижасида Пезешкиён 5 миллион, Миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили Жалилий эса 4.875 миллион овоз олган.
Ғалаба қозониш учун номзод 50 фоиздан кўпроқ овоз олиши керак. Акс ҳолда, 5 июль куни сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади ва унда биринчи босқичда энг кўп овоз олган икки номзод кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Эрон Олий етакчисининг Миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили Саид Жалилий, парламентнинг амалдаги спикери Муҳаммад Бағер Ғолибаф, Эрон собиқ соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири, парламент аъзоси Масъуд Пезешкиён ҳамда собиқ ички ишлар вазири, дин арбоби Мустафо Пурмуҳаммадий номзоди овоз бериш жараёнига қўйилганди.
Азизбек Эшмаматов