Эронда президентлик сайлови бошланди (видео)
Олам
−
28 Июнь
6093Бугун, 28 июнь куни Эронда навбатдан ташқари президентлик сайлови бошланди. Бу ҳақда “Тasnim” ахборот агентлиги хабар берди.
Мамлакатнинг раҳнамоси Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий сайлов жараёнлари бошланиши биланоқ овоз берди ва барча эронликларни сайловда фаол иштирок этишга чақирди. Шунингдек, у овоз берганидан кейин Эрон халқи учун энг яхши кунлар ва йиллар келишини сўраб дуо қилган. Сайлов кунини эронликлар учун “бахт ва шодлик куни” деб таърифлаган Хоманаий мамлакатнинг кейинги бир неча йиллик тақдирини белгилаб берадиган президентлик сайловлари ҳақида гап кетганда, у сайловда иштирок этиш ҳар нарсадан муҳим эканини таъкидлаган.
“Эрон Ислом Республикасининг дунёда давом этиши, шаъни, қадр-қиммати ва қудрати халқнинг борлигига боғлиқ”, деган Хоманаий.
Мамлакат бўйлаб сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:00 да очилди ва сайлов жараёни ўн соат давом этади. Бироқ зарурат туғилса, мамлакат Ички ишлар вазирлиги сайлов муддатини узайтириши мумкин. Мамлакат ичида ва хорижда давом этаётган сайловларда 61 миллион 450 мингдан ортиқ эронлик сайловчилар иштирок этиши мумкин. 2006 йил 28 июнда ёки ундан олдин туғилган эронлик овоз бериш ҳуқуқига эга. Мамлакат бўйлаб 59 мингга яқин сайлов участкаси, жумладан, 15 мингдан ортиқ кўчма участка ташкил этилган. Чет эллардаги Эрон фуқароларининг сайловда иштирок этиши учун 100 та давлатда жами 340 та сайлов участкаси ҳам ташкил этилган. Сайлов хавфсизлигини таъминлаш вазифаси эса полиция, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва Басиж кучларига юклатилган.
Эрон Олий етакчисининг Миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили Саид Жалилий, парламентнинг амалдаги спикери Муҳаммад Бағер Ғолибаф, Эрон собиқ соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири, парламент аъзоси Масъуд Пезешкиён ҳамда собиқ ички ишлар вазири, дин арбоби Мустафо Пурмуҳаммадий номзоди овоз бериш жараёнига қўйилган.
Маълумот учун, Эрон президенти Иброҳим Раисий май ойида вафот этгани учун сайловлар муддатидан бир йил олдин ўтказилмоқда. 1979 йилдаги Ислом инқилоби ғалабасидан кейинги 14-янги маъмурият ҳокимиятни июнь охири ёки июль ойи бошида ўз зиммасига олади ва тўрт йил давомида ўз лавозимини эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ муддатидан аввалги президентлик сайловига ўз номзодини қўйган 53 ёшли амалдаги вице-президент Амир-Ҳусайн Қозизода Ҳошимий инқилобий кучлар ҳамжиҳатлигини сақлаб қолишга ёрдам бериш ва Инқилоб кучлари консенсуси Олий Кенгаши ҳамда айрим олимлар ва ватанпарварларнинг ёзма илтимосига жавобан сайловни тарк этганини билдирганди. Сал ўтиб, Теҳрон шаҳар мэри Алиризо Заканий ҳам президентлик пойгасидан чиқди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь