Эрондаги марафонда аёллар ҳижоб ўрамагани учун ташкилотчилар қамалди
Олам
−
09 Декабрь 4143 2 дақиқа
Эронда икки марафон ташкилотчиси аёлларни ҳижобсиз ҳолда югуришга рухсат бергани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Iran International” хабар берди.
Жанубий Эрон қирғоғидаги Киш оролида ўтказилган марафонда 2 минг аёл ва 3 минг эркак қатнашган. Баъзи иштирокчи аёллар қизил футболкаларда югурган, бироқ ҳижоб ёки бошқа бош кийим кийишмаган. Бу ҳолат жамиятда жуда турли реакцияларга сабаб бўлган.
Эрон ичидаги ўзгариш тарафдорлари бу суратларни аёлларнинг ҳукумат томонидан белгиланган кийиниш қоидаларига қарши тураётганининг навбатдаги исботи сифатида олқишлаган.
Аксинча, Эрон ҳукумат вакиллари бу ҳолатни амалдаги тартибга қарши “мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган чақириқ”, деб баҳолаган.
Шундан сўнг, суд идоралари ташкилотчиларга қарши тезкор чоралар кўрган. Айрим аёлларнинг ҳижоб қоидаларини бузганидан ташқари, марафоннинг ўтказилиши ҳам мамлакатнинг теократик диний раҳбарияти томонидан танқид қилинган.
Киш прокурорининг айтишича, югуриш мусобақасининг ўтказилиши “жамоат ахлоқига зид” ҳисобланади.
Ҳижоб масаласи Эроннинг келажакда қайси йўналишга қараб ривожланиши ҳақидаги баҳсларнинг марказида турибди.
Аёлларнинг бошини ёпмасдан омма орасида юришига нисбатан ҳукуматнинг муносабати доим ўзгариб туради, баъзида қоидалар юмшайди, баъзида эса кескин кучаяди.
Уч йил аввал мамлакат бўйлаб бир неча ой давом этган оммавий норозиликлар айнан ҳижоб қоидаларини бузганликда айбланиб ҳибсга олинган ёш қиз Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг бошланган эди. У полиция юк машинасида калтакланган, кейин эса машъум тарзда ҳибсда вафот этган.
Протестлар куч билан бостирилганига қарамай, кўплаб эронлик аёллар ҳануз ҳижоб ўраш қоидаларини менсимаяпти. Бу эса яна ҳукумат реакциясига сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Мақсадга мувофиқликни баҳолаш кенгаши аъзоси Муҳаммадризо Баҳонар мамлакатда аёллар учун ҳижоб ўраш талаби бекор бўлгани, уни ўрамаслик учун жарима ва қонуний санкциялар қўлланмаслиги ҳақида айтганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь