Эронда яна портлаш содир бўлди

Олам

image

Эроннинг Исфаҳон шаҳрида жойлашган пиротехника ва портловчи моддалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания омборида портлаш юз берган. Бу ҳақда “Iran International” хабар берди.

Avanar Parsian компанияси заводида портлаш содир бўлганини Исфаҳон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тасдиқлаган. Унда бир киши ҳалок бўлгани ва бир неча киши яралангани айтилган. Портлаш сабаблари ошкор этилмаган.

Компания мушак ва динамит ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган. Шунингдек, унинг иши мамлакат Миллий хавфсизлик олий кенгаши томонидан назорат қилиниши кўрсатилган.

“Iran International” манбаларининг таъкидлашича, компания учувчисиз учиш аппаратларининг йирик ишлаб чиқарувчиси Iran Aircraft Industries компанияси билан алоқадор бўлиши ҳам мумкин.

Маълумот учун, бундан олдинги портлаш жорий йилнинг 26 апрель куни тушда Форс кўрфази соҳилидаги Бандар Аббос портида содир бўлган. Бир неча контейнер портлаши оқибатида 40 киши ҳалок бўлди, 1000 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Айрим ОАВ портлаш кимёвий моддалар ва ракета ёқилғисига эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш оқибатида содир бўлгани ҳақида ёзди. Бироқ расмий Теҳрон буни рад этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг Бандар-Аббос шаҳридаги Шаҳид-Ражаи порти ҳудудида рўй берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Президент Масъуд Пезешкиёнга таъзия мактубини йўллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон портлаш Исфаҳон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг