Эронда намойишлар Ғарб давлатлари томонидан уюштирилгани айтилди
Олам
−
29 Ноябрь 2022
4041Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатдаги норозилик намойишларини уюштиришда Ғарб давлатлари бевосита иштирок этган деб ҳисоблайди. Бу ҳақда кеча, 28 ноябрь куни Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани Шафий баёнот берди.
“Эронда норозилик намойишларини уюштиришда АҚШ билан боғлиқ бўлган Ғарб давлатларининг иштироки ҳақида батафсил маълумот ушбу давлатларнинг Теҳрондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига етказилди. Бундан ташқари, тартибсизликларда бир қатор хорижий давлатларнинг фуқаролари иштирок этган, бу ҳақда кўплаб далиллар мавжуд. Фактлар тегишли мамлакатлар ҳукуматларига тақдим этилган”, дейди Канани Шафий.
У гап айнан қайси давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.
22 ноябрь куни Эрон суд ҳокимияти матбуот котиби Масъуд Сетайеши Ислом Республикасини қамраб олган намойишлар чоғида Эронда 40 нафар хорижлик фуқаро ҳибсга олинганини айтди. Уларнинг барчаси суд олдида жавоб беради.
17 ноябрь куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахон Исроил ва баъзи Ғарб сиёсатчиларини Эронда фуқаролар уруши уюштиришни режалаштираётганликда айблади, бу эса мамлакатнинг парчаланишига олиб келади.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо bermoqda. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Теҳронда Эрон ахлоқ полицияси томонидан Ислом Республикасининг қаттиқ кийиниш қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинганидан кейин комага тушиб, вафот этди.
Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди, сўнгги тўрт ҳафта ичида камида 233 намойишчи ҳалок бўлди. Намойишчилар полиция ва “Басиж” милицияси аъзоларига ҳужум қилган, Қуръонни таҳқирлаган, масжидлар ва ҳукумат биноларига ўт қўйган, ҳижобли аёлларга ҳужум қилган, тез ёрдам машиналари ва ёқилғи қуйиш шохобчаларига ҳужум қилинган. Иштирокчилар Эроннинг турли шаҳарларида ҳибсга олинди.
LiveБарчаси