Эронда намойишчиларни террорчилар ўлдиргани иддао қилинди

Олам

image

Эронда ҳалок бўлган намойишчиларнинг аксариятини қуролланган террорчилар ўлдирган. Бу ҳақда Эрон суд-тиббий экспертизаси ташкилоти раҳбари Аббос Масжидий Ароний Эрон давлат телевидениеси орқали маълум қилди. 

Аронийнинг қайд этишича, ҳалок бўлганларнинг катта қисми ҳаётий муҳим аъзоларига совуқ қурол билан зарба берилиши, ов милтиғидан яқин масофадан ўқ узилиши ёки бинолар томидан ўқ отилиши оқибатида жон берган. 

Ташкилот раҳбари намойишчилар сафига қурол ишлатиш бўйича тайёргарликдан ўтган баъзи шахслар кириб олганини ва айнан улар намойишчиларнинг ҳаётий муҳим аъзоларига атайлаб зарба берганини айтди. 

Эронда норозилик намойишлари

Эронда норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрда Теҳрондаги тарихий “Гранд-базар” бозорида бошланиб кетди. Дўкон эгалари миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан кескин қадрсизланиши ва иқтисодий қийинчиликлар кучайиши сабабли норозилик билдира бошлади. Намойишлар тез орада мамлакатнинг кўплаб шаҳарларига тарқалди. 

Ярим расмий “Tasnim” агентлиги маълумотларига кўра, 7 январь ҳолатига кўра, яраланган полициячилар сони 568 кишига, Басиж кўнгилли отрядлари вакиллари эса 66 кишига етган. Бироқ, Эрон расмийлари ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаган. 

8 январь куни Теҳронда норозилик намойишлари кескинлашди. Тартибсизликлар давомида намойишчилар (жумладан, турли гуруҳлар) кўплаб объектларни – кўплаб автобуслар ва тез ёрдам машиналарини, 24 та турар-жой биносини, 25 та масжидни, 2 та шифохонани, 26 та банкни, шунингдек, бошқа давлат ва жамоат биноларини ёқиб, вайрон қилган. Норозилик намойишлари кучайганидан сўнг Эрон ҳукумати интернетга кириш бўйича умуммиллий чеклов жорий этди. 

АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари янгиликлари агентлиги (Human Rights Activist News Agency, HRANA) 13 январда хабар берганидек, Эронда иқтисодий муаммолар туфайли бошланган норозилик намойишларида ҳалок бўлганлар сони 646 кишига етган. 

Ҳисоботга кўра, шу даврда Эроннинг 31 вилоятини қамраб олган намойишларда 505 нафар намойишчи (улардан 9 нафари 18 ёшдан кичик), 133 нафар хавфсизлик кучлари ходими ва 1 нафар прокурор ҳалок бўлган. Бундан ташқари, намойишлар чоғида воқеа жойида бўлган 7 киши жон берган. Норозилик намойишлари вақтида қўлга олинганларнинг умумий сони 10 721 кишига етган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрондаги намойиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг