Эронда боши учун $3 млн мукофот тайинланган ёзувчи АҚШда пичоқланди
Олам
−
12 Август 2022
14692Бугун, 12 август куни “Букер” мукофоти совриндори, ёзувчи, ислом олами вакилларининг қаттиқ танқидига учраган китоб муаллифи Салмон Рушдий Америка Қўшма Штатларида ҳужумга учради. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Чотакуа институтидаги тадбир вақти юз берган. Ёзувчи саҳнада вақти ўтирганлардан бири ёнига чиқиб, уни пичоқлаган.
“Рушдийнинг бўйнига пичоқ санчилган ва вертолётда шифохонага олиб кетилган. Унинг аҳволи ҳозирча маълум эмас”, дейилади хабарда.
Воқеа гувоҳи бўлган “Associated Press” мухбирининг айтишича, номаълум шахс Рушдийни жамоатчиликка таништириш вақтида унга ҳужум қилган ва калтаклаган. Ҳужум қилган шахс қўлга олинган.
Рушдий Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида туғилган. У 1988 йилда ёзган “Шайтон оятлари” номли романи билан танқидларга учраган. Унинг асарлари Ҳиндистон, Покистон, Саудия Арабистони, Сомали ва бошқа мамлакатларда тақиқланган.
Роман нашр этилганидан бир йил ўтиб, Эрон етакчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний фатво (фармон) бериб, китобнинг босмадан чиқишига алоқадор бўлганларнинг ҳаммасини қатл қилишга буюрган. Эроннинг турли жамғармалари Рушдийнинг боши учун мукофотни 3,3 млн долларгача кўтарган.
Шундан сўнг, Ғарб мамлакатларида, хусусан, АҚШ ва Британиядаги мазкур китоб сотиладиган дўконларга ўт қўйиш ва ҳужумлар бошланган, Японияда эса китоб таржимаси муаллифи ўлдирилган.
1990 йилда Рушдий Ислом динига ҳурмат сўзларини изҳор қилиб, омма олдида кечирим сўради, бироқ Эрон Ҳукумати фатвони бекор қилмади.
LiveБарчаси