Эрон ядровий қурол устида ишлаётганига далил йўқ – АҚШ разведкаси

Олам

image

АҚШ Миллий разведкаси сенаторларга Эроннинг ядровий қурол яратиш устида ишлаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни Демократлар партиясидан сенатор, Сенат разведка қўмитаси раисининг ўринбосари Марк Уорнер MSNBC телеканали эфирида баёнот берди.

Уорнер жорий йилнинг март ойида Миллий разведка директори Тулси Габбарднинг “Эрон бомба яратишга доир ҳеч қандай ҳаракат қилмаган”, деган сўзларини эслатган.

“Бу ҳафта, душанба куни бизга разведка маълумотларининг ўзгармагани яна бир бор тасдиқланди”, деди сенатор.

Шунингдек, Марк Уорнер мамлакат Президенти Дональд Трампнинг Эрон ядро қуроли ишлаб чиқаётгани ҳақидаги ижтимоий тармоқлардаги постларини танқид қилиб, разведка маълумотларини инкор этаётганини айтган.

“Ташқи сиёсатни твитлар орқали юритиш – бу тентаклик. Аммо бу одам айнан шундай йўл тутмоқда”, деган у.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 13 июнь куни Исроил Эроннинг айнан ядровий ва мудофаа саноатига қарши “Шерлар олами” номли ҳарбий операцияни бошлаган эди. ОАВ хабарларига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ҳужумига қўшилиш масаласини кўриб чиқмоқда, бу борада қарор яқин 24-48 соат ичида қабул қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ЦАХАЛ кучлари Теҳрондаги уранни бойитиш центрифугаларини ишлаб чиқариш корхоналари ва Эрондаги ракета заводларига зарба берганди. Операцияда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 50 га яқин самолёти иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ядровий қурол АҚШ разведкаси Марк Уорнер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг