Эрон Исроилга янги турдаги баллистик ракетасини учирди

Олам

image

Эрон Теҳрон яқинидан Исроил томон янги турдаги баллистик ракета учирди. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.

Нашрга кўра, ракета ноодатий, силлиқ эмас, балки эгри ва зикзак шаклидаги траектория бўйлаб ҳаракатланган. Уни Ироқ ҳудуди устида ҳаво мудофааси кучлари йўқ қилган.

“Tasnim”нинг Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) таяниб берган хабарига кўра, Эрон илк бор жанговар шароитда икки босқичли, оғир тоифадаги “Сижжил” баллистик ракетасидан фойдаланган. Бу ракетанинг учиш масофаси 2000 километрни ташкил этади.

Эрон Исроил ҳудудига шундай учта ракета учирганини маълум қилган. ИИҚК баёнотида айтилишича, Эрон Қуролли кучлари аввалги бир неча ҳужумлар чоғида Исроил мудофаа тизимини йўқ қилган ва эндиликда Эрон ракеталари ва дронлари учун Исроил осмони “очиқ” бўлган.

“Ракеталар зарбалари мўлжалли ва узлуксиз бўлади. Кеча ҳам босиб олинган ҳудудларда (Исроил) “Моссад” ва “Аман” штаб-квартиралари, шунингдек, ҳарбий-ҳаво кучлари базалари нишонга олинди”, дейилади баёнотда.

Исроил аҳолиси огоҳлантирилиб, ракета зарбалари давом этиши айтилди.

“Ишонинг, қизил сиреналар бир дақиқага ҳам тўхтамайди. Сизда фақат иккита йўл бор: дўзахдек яшашга мажбур бўлиб, пана жойларда аста-секин ҳалок бўлиш ёки бу ердан имкон қадар тезроқ қочиб, тирик қолиш”, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, “Сижжил” – Эрон томонидан 2008-2009 йилларда ишлаб чиқилган ўрта масофали баллистик ракеталар оиласидир. У ажралувчи жанговар каллакка эга.

“The Times of Israel”га кўра, Исроил томони сўнгги Эрон ҳужуми фақат битта баллистик ракетадан иборат бўлганини, уни ҳаво мудофааси воситалари муваффақиятли тутиб қолганини маълум қилган.

Исроил армияси вакили, бригада генерали Эффи Дейфриннинг маълум қилишича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғарбий Эронда янги авиазарбалар тўлқинини бошлаган. Уларнинг айтишича, Теҳрон яқинидаги “Ҳизбуллоҳ”га қурол етказиб беришда ишлатилган танкка қарши ракета ишлаб чиқарувчи объект, шунингдек, Теҳрондаги полиция бошқармаси яқинидаги объектлар нишонга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ЦАХАЛ кучлари Теҳрондаги уранни бойитиш центрифугаларини ишлаб чиқариш корхоналари ва Эрондаги ракета заводларига зарба берганди. Операцияда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 50 га яқин самолёти иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

баллистик ракета Эрон-Исроил Сижжил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг