Эрон ва АҚШ “бешга беш формат”да маҳбусларни алмаштиради
Олам
−
18 Сентябрь 2023
2887Бугун, 18 сентябрь куни Эрон ва АҚШ ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани Чафий маълум қилди.
“Эроннинг Жанубий Кореядаги [музлатилган] активлари бугун ҳукумат ва халққа тақдим этилади. Бугун маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтади”, дейди Носир Канани Чафий.
Унинг аниқлик киритишича, томонларнинг ҳар бири беш нафар маҳбусни озод қилади.
Канани Чафийга кўра, АҚШда озод этилган Эрон фуқароларидан икки нафари Республикага қайтади, яна икки нафари АҚШда қолади, яна бири эса учинчи давлатга кетади. Бунинг эвазига Теҳрон Эрон қамоқхоналарида сақланаётган беш нафар АҚШ фуқаросини Америкага топширади.
Маълумот учун, ўтган ойда АҚШ ва Эрон маҳбусларни алмашиш бўйича келишувга эришган. Унга кўра, Эрон АҚШ санкциялари остида Жанубий Корея банкларида музлатиб қўйилган 6 миллиард доллар маблағидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Мазкур активлар блокдан чиқарилади ва Қатарга ўтказилади.
15 сентябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийн Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний билан телефон орқали суҳбатда Теҳрон Вашингтон билан келишув шартларини бажаришга тайёрлигини маълум қилган. Ўз навбатида, Қатар ҳукумати раҳбари Эрон активларини амирлик банкларига ўтказиш жараёни келаси ҳафта якунланишини айтган. “Tasnim” агентлигига кўра, маҳбуслар алмашинуви Доҳада Эрон ўз активларига кириш ҳуқуқига эга бўлгандан сўнг амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда беш нафар АҚШ фуқароси (Сиамак Намозий, Эмад Шарги, Морад Таҳбаз ва исми ошкор қилинмаган яна икки маҳбус) Теҳрондаги Эвин қамоқхонасидан уй қамоғига ўтказилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь