Эрон 6 миллиард доллар эвазига америкалик маҳбусларни озод қиляпти

Олам

image

Теҳрон ва Вашингтон “5 га 5” форматида маҳбусларни алмашиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги доимий миссиясига таяниб, IRNA ахборот агентлиги хабар берди.

“Учинчи давлат воситачилигида эришилган келишувга кўра, АҚШда қамоқда ўтирган беш нафар Эрон фуқароси озод қилинади”, дейилади ташкилот баёнотида. 

Эрон миссияси Теҳрондаги Эвин қамоқхонасидан беш нафар АҚШ фуқароси озод этилганини ҳам тасдиқлаган.

Келишув доирасида Эрон АҚШ санкциялари остида Жанубий Корея банкларида музлатиб қўйилган 6 миллиард долларга кириш ҳуқуқига эга бўлади. Эроннинг Жанубий Кореяда музлатиб қўйилган активлари блокдан чиқарилади ва Қатарга ўтказилади. 

Ўз ўрнида, Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) Теҳронга 6 миллиард доллар қайтарилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган. МХКнинг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби бу маблағлар тўлов эмаслигини ва америкалик солиқ тўловчилар ҳисобидан ўтказилмаслигини таъкидлаган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса Теҳрон беш америкалик фуқарони озод қилганидан кейин ҳам Вашингтон Эронга қарши санкцияларини юмшата олмаслигини айтган.

"Ҳеч қандай шароитда Эронга қарши санкциялар енгиллаштирилмайди. Биз санкцияларни кучайтиришда, Эроннинг минтақа ва ундан ташқарида беқарорлаштирувчи фаолиятига қарши курашишда давом этамиз", деган Блинкен.

CNN’нинг ёзишича, Сиамак Намозий, Эмад Шарги, Морад Таҳбаз ва исми ошкор қилинмаган яна икки маҳбус Теҳрондаги қамоқхонадан уй қамоғига ўтказилган. 

Эрон Президенти маъмурияти раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Муҳаммад Жамшидий Теҳрон музлатиб қўйилган активларига кириш имконига эга бўлгандан кейингина уй қамоғига ўтказилган АҚШ фуқаролари озод қилинишини маълум қилган.

“АҚШда ушлаб турилган фуқароларимиз озод этилмагунча ва Жанубий Кореяда ноқонуний блокланган маблағларга киришга рухсат берилмагунча АҚШ маҳбуслари Эронни тарк эта олмайди”, деб ёзган Жамшидий X’даги саҳифасида.

Маълумот учун, Сиамак Намозий ва унинг отаси Бақуэр Намозий 2016 йилда Эронда “душман давлат билан алоқалар”да айбланиб судланган. Кейинроқ Бақуер Намозий соғлиғи сабаб қўйиб юборилган. Морад Таҳбаз 2019 йилда АҚШ ҳукумати билан алоқалари учун 10 йилга, Эмад Шарги Шарги эса 2021 йилда жосуслик учун 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг амалдаги сиёсий ўринбосари Али Багерининг сўзларига кўра, АҚШ ҳозирда санкцияларини четлаб ўтишга уринганликда айбланган 15 га яқин Эрон фуқаросини ҳибсда ушлаб турибди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Теҳрон маҳбус алмашиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг