Эрон сунъий интеллектга эга янги қанотли ракетани тақдим этди
Олам
−
25 Июль 2023
5227Эрон ҳарбий-денгиз кучлари ва Қуролли кучларнинг элита бўлинмаси дастурий таъминотда сунъий интеллектга асосланган янги қанотли ракетани қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 25 июль куни “Тасним” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Абу Маҳди” ракетасининг учиш масофаси 1000 километрдан ошади. Бу парвоз йўлини лойиҳалаш ва бошқариш тизими билан боғлиқ дастурий таъминотда сунъий интеллектдан фойдаланадиган биринчи узоқ масофали қанотли ракета экани даъво қилинмоқда. Ракета табиий ва сунъий тўсиқларни, шунингдек, радар ва душман мудофаа воситаларини енгиб ўтишга қодир. У паст баландликда уча олади, географик шароит ва мудофаа тизимларига қараб траектория ва парвоз баландлигини ўзгартира олади.
Маълумот учун, 6 июнь куни Эрон ҳарбийлари янги “Фаттоҳ” гипертовушли баллистик ракетасини намойиш қилган. Ракетанинг масофаси 1,4 минг км, тезлиги эса нишонга теггунча 15 925 км/соат - 18 375 км/соатга етади.10 июнь куни Эрон Қуролли кучлари мудофаа ва моддий-техник таъминот вазири Муҳаммад Ризо Аштианий мамлакатдаги ҳарбий-саноат мажмуаси маҳсулоти ҳижрий 1401 йилда (Григорий тақвими бўйича 2023 йил 20 мартда тугалланган) 81 фоизга ошганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 май куни Эрон Мудофаа вазирлиги 2000 км масофага учадиган янги “Хайбар” баллистик ракетасини тақдим этганди. Ушбу ракета Хуррамшаҳр туркумидаги энг сўнггиси бўлиб, оғирлиги 1,5 тоннагача бўлган жанговар каллакни олиб юришга қодир. Синов пайтида ракетанинг тезлиги атмосферадан ташқарида 19600 км/соат ва атмосферада 9800 км/соатга етди.
LiveБарчаси