Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб беришга тайёрланмоқда – “Bloomberg”
Олам
−
03 Сентябрь
4350Эрон тез орада Россияга баллистик ракеталар етказиб бериши мумкин. Бу ҳақда Европа расмийларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Улар мумкин бўлган етказиб бериш турлари ва кўламини кўрсатмади ва вақтни айтмади, аммо агентлик суҳбатдошларидан бири етказиб бериш яқин кунларда амалга ошишига ишонч билдирди.
АҚШ ва бошқа НАТО иттифоқчилари Теҳронни бундай ҳаракатдан бир неча бор огоҳлантирган ва бунинг олдини олиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг БМТдаги миссияси эса “Bloomberg”нинг изоҳ бериш сўровларига жавоб бермади.
Агентлик қайд этишича, Москва Шимолий Кореядан қурол-яроғ етказиб беришга ҳам таянади ва Хитойдан технология ва асосий компонентлар билан ишлаб чиқариш қувватини сақлаб қолади. Теҳрон, шунингдек, икки ярим йиллик уруш давомида Россияга юзлаб учувчисиз самолётлар етказиб берган.
“Баллистик ракеталарни Россияга топшириш Эронга қарши қўшимча санкциялар билан кутиб олинса ҳам, Теҳронга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар, жумладан, Москвага учувчисиз самолётлар етказиб бериш билан боғлиқ ҳолда уларнинг самарадорлиги номаълум”, деб ёзади “Bloomberg”.
Иттифоқчилар муҳокама қилган чоралар қаторида Эроннинг Iran Air давлат авиакомпаниясига чекловлар ҳам бор.
“Етказиб берилаётган тақдирда, Еттилик гуруҳи (G7) ўз хавотирларини дипломатик каналлар орқали Яқин Шарқ ҳукуматларига зудлик билан етказиши кутилмоқда”, дейди Европа расмийлари.
G7 аввалроқ Эрон ва Шимолий Кореяга Москвага қурол етказиб бергани учун санкциялар киритган эди. G7, шунингдек, Хитой ва Россия Федерациясига қурол ёки уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қисмлар ва технологиялар билан таъминловчи бошқа мамлакатлардаги етказиб берувчиларга нисбатан санкциялар босимини кучайтиришга интилмоқда. Сўнгги чекловлар бундай операцияларни амалга оширишга ёрдам берадиган компаниялар ва жисмоний шахсларга қаратилган.
“Reuters” агентлиги Европа разведка хизматларидаги икки манбага таяниб, 9 август куни Теҳрон Россияга юзлаб Fath-360 баллистик ракеталарини етказиб беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Агентликнинг қўшимча қилишича, ўнлаб россиялик ҳарбий хизматчилар Эронда улардан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтмоқда.
“Москванинг ўзига хос баллистик ракеталари бор, бироқ Fath-360 етказиб бериш Россияга ўз арсеналининг катта қисмини фронт чизиғидан узоқдаги нишонларга зарба бериш учун ишлатиш имконини бериши мумкин”, дейилади хабарда.
Махфий разведка манбаларига таяниб, агентлик суҳбатдошлари россиялик ходимлар Эронга максимал 120 км масофага учадиган ракета ва 150 кг оғирликдаги жанговар каллакдан ўт очадиган Fath-360 мудофаа тизимини бошқаришни ўрганиш учун ташриф буюрганини қайд этди.
“Россия Мудофаа вазирлиги расмийлари 2023 йил 13 декабрь куни Теҳронда Эрон расмийлари билан Fath-360 қисқа масофали тактик баллистик ракета ва Эроннинг Абабил номли давлат Аэрокосмик саноати ташкилоти томонидан қурилган яна бир баллистик ракета тизими бўйича шартнома имзолади”, деб хабар берди “Reuters” анонимлик шарти билан гапирган икки разведка ходимига таяниб.
АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши вакилининг айтишича, Қўшма Штатлар, унинг НАТОдаги иттифоқчилари ва G7 бўйича ҳамкорлари бу ҳаракатларга "тезкор ва кучли жавоб беришга тайёр".
“Бу қадам Эроннинг Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушини қўллаб-қувватлашининг кескин кучайишини англатади”, дейди Америка маъмурияти вакили.
Унинг сўзларига кўра, “Оқ уй Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Россия ва Эрон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳақида бир неча бор огоҳлантирган”.
Шу пайтгача Эроннинг Москвага ҳарбий ёрдами асосан портловчи моддаларни олиб юрувчи ва баллистик ракеталарга қараганда секинроқ бўлгани учун уриб тушириш осонроқ бўлган Shahed ҳужумчи дронлари билан чекланиб келган.
“Россия Қуролли кучлари Киевга қарши Шимолий Кореянинг KN-23 ракеталарини, хусусан, Украина билан чегарадош Брянск, Курск ва Воронеж вилоятларидан учирмоқда”, деб хабар бермоқда “Bloomberg”.
LiveБарчаси