Эрон Путиннинг “таъбини тирриқ қиладиган” позициясини эълон қилди

Олам

image

Эрон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади ва Россия томонидан Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьеда ўтказилган бир томонлама “референдум”ларни тан олмайди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канони маълум қилди. Бу ҳақда IRNA агентлиги хабар берди.

Журналистларнинг Украинанинг Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилган “референдум”лар ва бу ҳудудларни Россия таркибига қўшиш бўйича Эроннинг позицияси ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, Носир Канони Ислом Республикаси ҳар доимгидек ва ўзининг принципиал позицияларига мувофиқ халқаро ҳуқуқнинг асосий нормаси сифатида барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тамойилини тўлиқ ҳурмат қилиши ҳамда БМТ Низомининг тамойиллари ва мақсадларини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлади.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг қўшимча қилишича, Эрон Ислом Республикаси тинчлик, барқарорлик ва осойишталик йўлига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай провокацион ҳаракатлардан қочиш керак, деб ҳисоблайди.

Носир Канони Эрон Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини ва бу саъй-ҳаракатларга доимо ёрдам беришга тайёрлигини қўшимча қилди.

Қайд этиш керакки, Россия Ғарб давлатлари томонидан санкцияларга кўмиб ташланган бир вазиятда кўп йиллардан бери турли иқтисодий чекловлардан азият чекадиган Эрон расмий Москванинг маслакдоши, иттифоқчиси сифатида кўрилаётганди. Ғарб давлатлари ва Украина ҳарбийлари маълумотларига кўра, ҳатто Эрон Россияга жанговар дронлар ҳам етказиб берган. Аммо шунга қарамай, Украинанинг тўрт вилоятидаги "референдум"ларни тан олмади.

Референдумларни ҳозиргача фақатгина дунёнинг энг ёпиқ ва тоталитар давлати Корея Халқ Демократик Республикаси қўллаб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

378

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг