КХДР Путинга ёқадиган баёнот билан чиқди

Олам

image

Дунёнинг энг ёпиқ ва тоталитар диктатура ҳукм сурадиган давлати Корея Халқ Демократик Республикаси ҳукумати Украинанинг Донбасс минтақасида айирмачилар томонидан тузилган, тан олинмаган ДХР ва ЛХР, Запорожье ва Херсон вилоятларида Россия таркибига қўшилиш бўйича ўтказилган бир томонлама “референдум” натижаларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда бугун, 4 октябрь куни Корея Марказий ахборот агентлиги хабар берди. 

“Биз Россия билан қайта бирлашиш истагида бўлган резидентларнинг хоҳиш-иродасини ҳурмат қиламиз ва Россия ҳукуматининг ушбу ҳудудларни мамлакат таркибига киритиш бўйича позициясини қўллаб-қувватлаймиз”, дейди КХДРнинг халқаро ташкилотлар департаменти раҳбари Чо Чхоль-су.

Унинг фикрича, бир қутбли дунёни сақлаб қолиш мақсадида Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашини суиистеъмол қиляпти, мустақил давлатларнинг ички ишларига аралашяпти ва уларнинг ҳуқуқларини поймол қиляпти.

“Референдумлар БМТ Низомига мувофиқ, одамларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва уларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи принципларини мустаҳкамлаган қонуний тартибларга мувофиқ, икки республика ва икки давлат аҳолисининг хоҳиш-иродасини акс эттиришга имкон яратган ҳолда ўтказилди”, дея қўшимча қилган КХДР дипломати.

Унинг таъкидлашича, АҚШ ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашидан қалқон ва тажовуз воситаси сифатида фойдаланиши мумкин бўлган кунлар ўтиб кетди.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

738

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг