Эрон парламенти раиси Байрутга самолёт бошқариб борди
Олам
−
12 Октябрь
7548Эрон Исломий Кенгаш Мажлиси раиси Муҳаммад Бағир Ғолибаф Ливаннинг Байрут шаҳри ғарбидаги бомбардимон қилинган ҳудудларига борди. У ушбу сафари давомида ўзи учган самолётни учувчи сифатида бошқариб борган. Бу ҳақда IRNA хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Бағир Ғолибаф бугун, 12 октябрь куни Ливан ва Байрут шаҳрига сафари давомида мамлакатнинг амалдаги ҳукумати Бош вазири Нажиб Микати билан учрашган. Шундан сўнг, у Исроил томонидан Байрут ғарбида бомбардимон қилинган ҳудудга, хусусан, аль-Бастага ташриф буюрган.
“Мен бу ҳудудда яшовчи одамлардан уларга нима бўлганини сўрадим ва улар бу ҳудуд сионистик режим томонидан бомбардимон қилинганини айтди. Бу ерда фақат оддий мусулмон ливанликлар яшаган”, дейди Бағир Ғолибаф.
У, шунингдек, бу шароитда шубҳасиз Эрон Фаластин ва Ливан халқини қўллаб-қувватлашда давом этишини, ҳудуддаги мазлумлар ва қочқинларга ёрдам бериш Эроннинг вазифаси эканини таъкидлаган.
“Шубҳасиз, барча Ислом мамлакатлари сионистик режимнинг бу жиноятларини қоралаши керак”, дейди Ғолибаф.
Нашрга кўра, Ғолибаф Ливан расмийлари билан учрашгандан сўнг, Байрутдан Женевага йўл олади ва халқаро парламентлараро йиғилиш доирасида муҳим учрашувлар ўтказади.
“Нутқлар ва учрашувларда Исроил жиноятларини баён қилиш ва қаршилик гуруҳларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади ҳамда Ливан халқига нисбатан мазлумлик ва қаршилик хабари бутун дунёга етказилади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 10 октябрь куни Бағир Ғолибаф катта делегация билан Тожикистонга борган эди. У ўша сафарида ҳам ўзи учган ҳукумат самолётини бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи юқори даражали расмий делегация билан бирга Ливан пойтахти Байрутга бориб, Ливан расмийлари билан учрашган эди.
LiveБарчаси