Ароқчи кутилмаганда Байрутга борди
Олам
−
04 Октябрь
14048Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи юқори даражали расмий делегация билан бирга Ливан пойтахти Байрутга борди ва Ливан расмийлари билан учрашди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Расмий хабарга кўра, вазир самолёти тиббий ёрдам юкини олиб борган.
“Эрон делегацияси ташриф давомида Ливаннинг юқори мартабали расмийлари билан учрашади ва Ливанга озиқ-овқат ва дори-дармон кўринишида 10 минг тонна ёрдам беради”, деб ёзди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағай Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
1 октябрдан бери Исроил Ливаннинг жанубида “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши қуруқликдаги операцияни олиб бормоқда ва қўшни давлатни ҳаводан бомбардимон қилишда давом этмоқда.
1 октябрь куни Эрон Исроилни тарихда иккинчи марта йирик ракета отишмаларига дучор қилди ва буни ўзини ҳимоя қилиш ҳаракати деб атади. Исроил ҳарбийларининг айтишича, 180 га яқин баллистик ракеталар учирилган, уларнинг аксарияти тутиб олинган. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда Исроилнинг турли ҳудудларига қулаган снарядлар оқибатлари акс этган. Исроил расмийларига кўра, отишмада мамлакат фуқаролари орасида қурбон бўлмаган. Бир қатор оммавий ахборот воситалари Ғарбий Соҳилда бир киши, эҳтимол Ғазо секторидан бўлган фаластинлик ҳалок бўлганини хабар қилди.
Эронликлар Исроил ҳарбий нишонларини урганини даъво қилмоқда, исроилликлар зарарни “минимал” деб аташади. Улар жавоб зарба беришга ва Қўшма Штатлар ўзининг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчисига ёрдам беришга ваъда беради. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Эроннинг Исроилга ракета ҳужумидан сўнг, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Яқин Шарқда муваффақиятсизликка учраганини, инқирозларни ҳал қилишда тўлиқ ночорлигини кўрсатганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг ҳужумига жавоб қайтарса, Эрон унинг инфратузилмасини йўқ қилиш билан таҳдид қилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси