Эрон мудофаа масаласида АҚШ билан музокарага киришмаслигини айтди
Олам
−
30 Январь 4351 2 дақиқа
Эрон Қўшма Штатлар билан музокараларни қайта бошлашга тайёр, бироқ бу жараён адолатли бўлиши ва мамлакатнинг мудофаа салоҳиятига тааллуқли масалаларни ўз ичига олмаслиги керак. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи кеча, 29 январь куни Истанбулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Келтирилишича, Эрон ташқи ишлар вазири ҳозирча Теҳрон ва Вашингтон ўртасида ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаётганини, бироқ Эрон мулоқот учун очиқ эканини билдирган.
“Агар музокаралар адолатли ва тенг ҳуқуқли асосда олиб борилса, Эрон уларда иштирок этишга тайёр”, деди Аббос Ароқчи.
Шу билан бирга, у АҚШнинг ҳарбий таҳдидларга муносабат билдирар экан, Теҳрон музокараларга ҳам, эҳтимолий урушга ҳам тайёр эканини қайд этди. Шунингдек, Ароқчи Эрон минтақада барқарорлик ва тинчликни таъминлаш йўлида қўшни ҳамда иттифоқчи давлатлар билан ҳамкорлик қилишга очиқлигини билдирди.
Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби минтақавий давлатлар Вашингтон ва Теҳрон ўртасида эҳтимолий ҳарбий тўқнашувнинг олдини олиш мақсадида дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Трамп Эрон билан муросага келиш нияти борлигини билдиргани ҳақида хабар берилганди. АҚШнинг музокаралар борасидаги асосий талабларидан бири Теҳроннинг ракета дастурини чеклаш эканини айтган. Эрон томони эса бу талабни қатъиян рад этмоқда.
Live
Барчаси