Эрон Хитой ёрдамига умид қилмоқда
Олам
−
15 Август 7082 2 дақиқа
Исроил билан бўлиб ўтган 12 кунлик урушда жиддий талафот кўрган Теҳрон ўз ракета дастурларини қайта тиклаш учун Хитой билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Ynet” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Эрон урушдан сўнг ўзининг мудофаа салоҳиятини фаол равишда тикламоқда. Бу жараёнда янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракета қуролларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ғарб разведка маълумотларига кўра, можарода жиддий талафот кўрган Теҳрон ўз ракета дастурларини қайта тиклаш учун Хитой билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Уруш давомида Эроннинг муҳим иттифоқчиси – Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил ҳужумларига аралашмаганидан сўнг, Теҳронда Исроилга стратегик босим ўтказишнинг асосий воситаси сифатида ўз ракета арсеналига таяниш зарурлиги янада аниқроқ тушунилган.
Бундан ташқари, ядровий қурол ишлаб чиқишдан фарқли ўлароқ, Эроннинг баллистик ракеталар яратиши халқаро шартномалар билан чекланмаган.
Ғарб махсус хизматлари Эрон ва Хитой ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг қайта тикланаётганига оид белгиларни қайд этган.
2024 йилнинг октябрь ойидаги можаро ортидан Пекин Теҳронга муайян ускуналарни етказиб берган эди. Энди эса разведка маълумотларига кўра, Хитой Эроннинг ракета салоҳиятини тиклаш ва модернизация қилишда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Қайд этиш жоизки, Исроилда бу ҳолат катта хавотир уйғотмоқда.
Юқори мартабали амалдорларнинг айтишича, Хитой ҳозирча ракеталар ёки уларнинг компонентларини етказиб бериш ниятини тасдиқламаган, аммо бу масаланинг муҳокама қилинаётганинг ўзи ташвишли.
Исроил амалдорлари Хитойнинг ниятлари тўлиқ тушунарли эмаслигини билдирган ва Пекинга бу борада тегишли сигнал юборганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Эронни ядровий таҳдидда айблаб, 13 июнь тонгида биринчи зарбани берган эди. Орадан 17 соат ўтиб Эрон жавоб зарбасини йўллади ва шундан сўнг томонлар ракета ҳужумларини давом эттирди. 22 июнь кечаси АҚШ Исроилга ёрдам сифатида Эроннинг ядровий объектларига зарба берди. https://qalampir.uz/news/ak-sh-eronga-zarba-berdi-120593 23 июнь оқшомида АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил тўлиқ ва ҳар томонлама ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилди.