Эрон элчиси очиқ кийинган журналист аёлга интервью бергани учун ишдан олинди – ОАВ  (видео)

Олам

image

Эроннинг Озарбайжондаги элчиси Аббос Мусавий ҳижобсиз аёлга интервью бергани учун ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда кеча, 29 март куни манбаларига таяниб, Эроннинг "Tasnim" агентлиги хабар берди.

Ҳолат элчининг Бакуда ҳижоб ўрамаган мухбир аёлга берган интервьюсидан сўнг, Эрон давлат матбуотида дипломатга қарши кескин танқидлар бошланганидан икки ҳафта ўтиб содир бўлди. 

Мусавий 2020 йил августида Эроннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган. Элчининг дипломатик миссияси аслида ўтган йилнинг август ойида якунига етган. Бироқ, унга Озарбайжон билан муносабатлар нормаллашгунча ўз лавозимида қолиши юклатилган.

Озарбайжоннинг "Report" нашри дипломатик доираларга таяниб, Мусавий Озарбайжон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги элчихонаси фаолиятини қайта тикламагунча ишдан кетмаслигини ёзди.

Нашрга кўра, Баку телеканалининг аёл бошловчиси Севинч Гулмаммедованинг ишдан бўшатилган элчи билан суҳбати тасвирлари ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, унинг кийиниш услуби Эрондаги режим тарафдорлари орасида норозилик уйғотган. Бундан ташқари, аёлнинг ҳижобсиз бўлиши Эрон ҳукуматини менсимаслик сифатида баҳоланган. Интервью Эроннинг марҳум етакчиси Руҳуллоҳ Хумайний, амалдаги олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Ҳоманаий ва 2020 йилда Ироқда АҚШ уюштирган дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Эроннинг олий ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний портретлари остида тасвирга олинган.

Турли хорижий расмийлар билан суҳбатлар олиб борган журналист Гулмаммедова ҳатто БАА ва Покистон элчилари билан суҳбат чоғида ҳам ҳижоб киймагани учун танқидга учрамаганини билдирган. Журналист ижтимоий тармоқда улашган постига кўра, суҳбат 8 февраль куни бўлиб ўтган, 14 мартда омма эътиборига ҳавола этилган. Суҳбатда Эроннинг Озарбайжонга қарши Арманистонни қуроллантириш сиёсати, 2023 йилнинг январида Озарбайжоннинг Эрондаги элчихонасига уюштирилган ҳужум,  Эрондаги 30-40 миллионга яқин озарбайжон миллатига мансуб фуқароларнинг бугунги аҳволи ҳақида сўз борган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон дипломатик миссиясининг хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўлими билан ниҳоя топган терактдан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Озарбайжон Теҳронга элчи юборишга рози бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

элчи Аббос Мусавий Севинч Гулмаммедова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made