Эрон АҚШнинг Европадаги объектларига зарба беришни кўриб чиқмоқда

Олам

image

АҚШ Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни яна кучайтирса, Теҳрон Европадаги Америка объектларига зарба бериш имкониятини кўриб чиқмоқчи. Бунда Болгария ва Кипрдаги АҚШ ҳарбий объектлари биринчи навбатда эҳтимолий нишонлар сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Нашрнинг Эрон раҳбариятига яқин манбасига кўра, агар Вашингтон вазиятни ҳаддан ташқари кескинлаштирса, Теҳрон “ҳар қандай нарх эвазига ўзини ҳимоя қилади” ва жавоб зарбалари географик жиҳатдан Европа ҳудудигача етиб бориши мумкин.

Манбанинг таъкидлашича, Эроннинг кейинги ҳаракатлари АҚШнинг қарорларига бевосита боғлиқ бўлади. Бироқ Теҳрон эҳтимолий жавоб чоралари учун “ҳеч қандай чекловлар” белгиламоқчи эмас.

Бу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан музокаралар муваффақиятсиз якунланганини тасдиқлаган. CNN маълумотига кўра, Трамп юқори лавозимдаги махсус вакилларига Эрон билан барча алоқаларни тўхтатишни буюрган ва Вашингтон стратегиясини ўзгартирган.

Телеканалнинг хабар беришича, АҚШ аввал Эронни имкон қадар тезроқ мағлуб этишга қаратилган режадан воз кечиб, босқичма-босқич иқтисодий ва сиёсий босимни кучайтириш стратегиясига ўтмоқда.

Трамп, шунингдек, Эронга нисбатан мисли кўрилмаган “иқтисодий уруш ва яккалаш” бошланишини эълон қилган. Бу чоралар Теҳронга босимни кучайтириш ва унинг иқтисодий имкониятларини чеклашга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга ҳар қандай кўринишда ёрдам берадиган давлатлар жиддий иқтисодий оқибатларга дуч келишини айтганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг