Эрон АҚШнинг асирига айланмайди – Раисий Байденга жавоб қилди

Олам 6445
image

Эрон 43 йил олдин озод қилинган ва АҚШнинг асирига айланмаслик учун қатъий қарор қилган. Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий бугун, 4 ноябрь куни Демократик партиянинг сайловолди тадбирларидан бирида сўзлаган нутқида “Эронни озод қилишга” ваъда берган АҚШ Президенти Жо Байденнинг баёнотига шундай жавоб қилди.

“Бир неча соат олдин Америка Қўшма Штатлари Президенти эҳтимол эътиборни чалғитувчи ҳолатда қилинган баёнот билан чиққанини билдим. “Эронни озод қиламиз”, деди. Эрон 43 йил олдин озод қилинган ва сизнинг асирингизга тушмасликка қатъий қарор қилди”, дейди Раисий 1979 йил 4 ноябрь куни Эронда содир бўлган воқеаларга бағишланган Теҳрондаги тадбирда сўзлаган нутқида. 

Аввалроқ Оқ уй раҳбари Эрондаги норозилик намойишларини изоҳлар экан, АҚШ тез орада Эронни озод қилишини айтганди

"Улар тез орада ўзларини озод қиладилар", деди Байден сайлов кампанияси тадбирида кимнингдир бу мавзуни муҳокама қилиш учун қилган қўнғироғига жавоб бериб. 

Америка раҳбари бошқа тафсилотларни келтирмади. 

Эронда етти ҳафтадан бери норозилик намойишлари давом этмоқда. Намойишлар 22 ёшли Маҳса Аминининг Эрон ахлоқ полицияси назорати остидаги ўлими билан алангаланди.

“Reuters”га кўра, эронликларда 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин мухолиф ва танқидий фикрлашга нисбатан қўрқув бор эди. Аминининг ўлим ортидан бошланган намойиш эронликлар қўрқувни енгаётганини билдиради.

2 ноябрь куни Америка Қўшма Штатлари расмийлари аёллар ҳуқуқини бузаётган ва намойишларни шафқатсиз бостираётган Эронни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёллар комиссиясидан чиқариб ташламоқчилигини маълум қилди.

Эрон расмийлари эса АҚШ ва Ғарбни мамлакат ичида содир бўлаётган воқеаларни провокация қилишда айблаб келади.

Эронда ҳар йили март ойида йиғиладиган Гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган комиссия тўрт йиллик ваколатини яқинда бошлайди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 146
Рейтинг: 2.9
t
×